Мадриднинг “Реал” клуби жамоа яримҳимоячиси Жуд Беллингем билан амалдаги шартномани узайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда журналист Рамон Алварес ўзининг X (собиқ Twitter) саҳифасида хабар берган.
Англиялик футболчининг мадридликлар билан амалдаги шартномаси 2029-йилнинг ёзига қадар амал қилади. Шунга қарамай, клуб раҳбарияти яримҳимоячи билан келишувни муддатидан аввал узайтиришни режалаштирмоқда.
Манбада ёзилишича, томонлар яқин кунларда янги шартнома бўйича музокараларни бошлайди. Янги келишувга кўра, Беллингемнинг товон пули 1 миллиард евро этиб белгиланади. Бу бошқа клублар футболчини ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлса, ушбу суммани тўлаши кераклигини англатади.
Эслатиб ўтамиз, Жуд Беллингем 2023-йилдан буён “Реал” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ушбу давр мобайнида футболчи мадридликлар билан Чемпионлар Лигаси, Испания Ла Лигаси, шунингдек, Испания ва УЕФА Суперкубокларида зафар қучди.
Маълумот учун, Беллингем жорий мавсум “Реал” сафида 4 та учрашувда иштирок этиб, 2 та гол ва 3 та голли узатма муаллифига айланган. Transfermarkt портали Жуднинг бозор қийматини 160 миллион еврога баҳолаган.








