UFC Шон-шараф зали аъзоси Дэниэл Корме россиялик икки жангчи — Ҳабиб Нурмагомедов ва Ислом Махачев ўртасида эҳтимолий жанг юз берса, ким ғалаба қозониши ҳақидаги саволга жавоб берди.
Ҳозирда UFC таҳлилчиси бўлиб фаолият юритаётган америкалик собиқ чемпион АLG Global YouTube каналига берган интервьюсида икки спортчи орасидан иккиланмай Ҳабибни танлашини маълум қилди. Унга берилган “Ҳабибми ёки Махачев?” деган қисқа саволга Корме ўзига хос тарзда: “Ҳар доим Ҳабиб”, — дея қисқа ва лўнда жавоб қайтарди.
Маълумки, Ҳабиб Нурмагомедов фаолиятини бирорта ҳам мағлубияциз (29-0) якунлаган. UFC’да енгил вазн камарини уч марта ҳимоя қилганидан кейин спорт билан хайрлашган ва ташкилотнинг Шон-шараф залига киритилган. Шунингдек, у жанговар самбо ва грепплинг бўйича ҳам жаҳон чемпиони унвонига эга.
Ислом Махачев эса ҳозирда UFC’нинг энг чўққисида турибди. Енгил вазнда узоқ вақт ҳукмронлик қилган ҳамюртимиз ўтган давр мобайнида ярим ўрта вазн чемпионлигини ҳам қўлга киритди. Қолаверса, Махачев айни пайтда ташкилотнинг энг яхши жангчилар рейтингида (P4P) биринчи ўринни эгаллаб турибди. 34 ёшли спортчи фаолияти давомида 29 та жанг ўтказиб, 28 тасида ғалаба қозонган (унинг ягона мағлубияти 2015-йилга тўғри келади).
Дэниэл Корме ўз вақтида АҚШ терма жамоаси сафида Олимпия ўйинларида қатнашган тажрибали курашчи. У MMA’га ўтгач, йиллар давомида
American Kickboxing
Academy (АKА) залида шуғулланган. Ҳабиб ва Ислом билан бирга елкама-елка машғулот ўтказган Корме ҳар икки жангчининг ҳам кучли ва заиф томонларини ўз кўзи билан кўрган кам сонли мутахассислардан биридир.








