Daryo

Болтиқ денгизида аномал иссиқ сабаб заҳарли сувўтлари тарқалди

Росток шаҳри яқинидаги соҳилларда хавфли кўк-яшил ўсимлик-бактериялар аниқланди. Улар инсонда аллергия ҳамда ошқозон касалликларини келтириб чиқариши мумкин.

2 дақиқа ўқиш16 659 кўришлар0 изоҳ0

Болтиқ денгизи соҳилларида аномал иссиқ оқибатида заҳарли кўк-яшил сув ўтлари кенг тарқалди. Шу сабабли соғлиқни сақлаш вакиллари одамларни айрим пляжларда чўмилмаслик ҳақида огоҳлантирди. Бу сув ўтлари терида қичишиш ва ошқозонда муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳақда Euronews хабар берди.

Маълум бўлишича, Қуёш нурининг кўплиги ва сувнинг исиши ўтларнинг кўпайишига қулай шароит яратмоқда. Росток шаҳри ҳокимияти Болтиқ денгизининг айрим пляжларида чўмилиш хавфли эканидан огоҳлантирмоқда. Росток шаҳри Ёнғин хавфсизлиги, қутқарув хизмати ва фалокатларни бошқариш бошқармаси 15 август куни сувўтлари заҳар ишлаб чиқарувчи сианобактериялар эканини тасдиқлади.

Таъкидланишича, кўк-яшил сув ўтлари терига тегса, шиш, қичишиш ёки аллергик реакция чақириши мумкин. Оғир ҳолатларда у кўнгил айниши ва ошқозон-ичак муаммоларига олиб келади. Соғлиқни сақлаш бошқармаси айниқса болалар ва итлар учун эҳтиёткор бўлишни сўрамоқда. Итларга бу сувдан ичириш мумкин эмас.

Чўмилишга тўлиқ тақиқ қўйилгани йўқ. Огоҳлантириш Варнемюнде соҳилидаги 30-ҳудуддан 36-ҳудудгача бўлган қисмга тегишли. Лекин Росток шаҳри расмийлари сув ўтларининг тарқалишини аниқ тахмин қилиб бўлмаслигини айтмоқда. Чунки бу шамол ва об-ҳавога боғлиқ. Шу сабабли соҳилнинг катта қисми хавф остида қолиши мумкин.

Бу ўзи қандай сувўтлари?

Аниқроқ айтганда, кўк-яшил сув ўтлари узун яшил ўсимлик эмас, балки бактериялардир. Улар кўпинча сувда сузиб юради ва сув бетида кўк-яшил шилимшиқ қатлам ҳосил қилади. Росток шаҳри расмийлари ўз баёнотида иссиқ, қуёшли об-ҳаво ва озуқага бой сувда улар тез кўпайишини тушунтирди. Шамол ва оқимлар бу тўпламларни қисқа вақт ичида бошқа жойга суриб кетиши мумкин.

Варнемюндедаги Лейбниц Балтика денгизини тадқиқ қилиш институти маълумотига кўра, бу сув ўтлари саломатлик учун хавфли заҳар ишлаб чиқаради. Одатда, бу заҳар кам миқдорда бўлса, соғлом одамга зарар етказмайди. Қолаверса, барча кўк-яшил сув ўтлари ҳам заҳар ишлаб чиқаравермайди.

Бироқ тез шаклланадиган бу қатламларда заҳар миқдори ошиб кетиши мумкин. Бу инсон терисини қичиштиради, сув ютиб юборилса, кўнгил айниши ва қусишни келтириб чиқаради. Лейбниц институтининг таъкидлашича, зарарланган сувни ичган ҳайвонлар, масалан, қорамоллар, итлар ва ўрдаклар ўртасида илгари ўлим ҳолатлари кўп кузатилган. Аввалроқ полшалик эркак 55 соат тўхтатмасдан Болтиқ денгизини сузиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар