Daryo

Трамп журналистлар томонидан судга берилди

ОАВ ташкилотлари АҚШ президентининг Truth Social тармоғидаги постларини ойига 100 минг долларгача бўлган нархда олдиндан сотиш хизматини ноқонуний деб ҳисоблаб, буни тўхтатишни талаб қилмоқда.

2 дақиқа ўқиш4 174 кўришлар0 изоҳ0

АҚШ президенти Дональд Трамп устидан 12 август куни судга даъво аризаси киритилди. Иккита медиа ташкилот унинг Truth Social тармоғидаги хабарларини пуллик асосда барвақт кўриш хизматини тўхтатишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Манҳеттен федерал судига даъво аризасини The Intercept ва “Медиа эркинлиги жамғармаси” (Freedom of thе Press Foundation) топширди. Улар Trump Mediа & Technology Group компаниясининг Truth API хизматига қарши чиқмоқда.

Ушбу хизмат ойлик 100 минг долларгача тўлов эвазига 10 та муҳим аккаунтдаги хабарларни бошқалардан олдинроқ олиш имконини беради. Ушбу аккаунтлар орасида Трампнинг шахсий саҳифаси ҳам бор.

Truth API хизмати 1 август куни ишга туширилди. Оқ уй бу масалага дарҳол муносабат билдирмади. Даъво бўйича Оқ уйнинг бошқа расмийлари ҳам жавобгар сифатида кўрсатилган. Аммо Trump Mediа компанияси жавобгарлар рўйхатида йўқ.

Трамп кўпдан бери Truth Social платформасидан фойдаланиб келади. У ерда божлар ва Яқин Шарқдаги низолар ҳақида хабарлар берилади. Бундай янгиликлар акциялар, нефть ва бошқа бозорлардаги нархларни ўзгартириб юборади.

ОАВ томонидан топширилган даъвонинг мақсади — пуллик хизмат мавжуд бўлган даврда Оқ уйнинг расмий эълонларини фақат Truth Social платформасига жойлашни тақиқлашдир. Даъвогарлар хизматни ўта коррупциялашган деб баҳолади. Чунки обуначилар кўпайган сари президент молиявий фойда кўради.

Шунингдек, улар ушбу хизмат АҚШ Конституциясининг Биринчи тузатишини бузаётганини таъкидлади. Уларнинг фикрича, ҳар бир одам Трампнинг эълонларини тенг кўриш ҳуқуқига эга. Президентнинг хабарларини хусусий обуначиларга сотиш ва бундан даромад олишда давлатнинг ҳеч қандай қонуний манфаати йўқ.

Аризага кўра, Трампнинг иккинчи президентлик муддатида Truth Social тармоғида қолдирган 9000 дан 11 000 гача бўлган хабарларининг кўпи бўйича кейинчалик Оқ уйнинг расмий баёноти берилмаган.

Трамп — энг йирик акциядор

Reuters маълумотларига кўра, Trump Mediа компаниясининг энг йирик акциядори ҳисобланади. У ўзининг Donald J. Trump Revocable Trust фонди орқали 41,3 фоизлик улушга эга. Бу улуш тахминан 950 миллион долларга тенг.

Унинг катта ўғли кичик Дональд Трамп компания директорларидан бири бўлиб, ушбу фондни назорат қилади. Truth API хизмати орқали таклиф қилинаётган бошқа аккаунтлар орасида вице-президент Жей Ди Венс, Соғлиқни сақлаш вазири кичик Роберт Кеннеди, ФҚБ директори Кеш Пател ва Оқ уйнинг расмий саҳифаси ҳам бор.

Аввалроқ Трамп АҚШ ўқ-дорилари ҳақида маълумот тарқатганларга қамоқ билан таҳдид қилгани ҳақида хабар берилганди. Оқ уй раҳбари Эрон билан уруш фонида ҳарбий қуроллар захираси катта эканини айтиб, ОАВда тарқалган ўқ-дорилар танқислиги ҳақидаги хабарларни рад этган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар