Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо янги мавсум олдидан жамоа таркибини қисқартиришни режалаштирмоқда. Португалиялик мутахассис ихтиёрида ҳозирда 26 нафар футболчи бор, бироқ у асосий таркибда 20 нафар футболчи билан ишлашни мақсад қилган. Жароҳат олган Эдер Милитао, Ферлан Менди ва Родриго рўйхатга киритилмайди. Бу ҳақда AS нашри хабар берди.
Моуриньо жамоада ҳар бир позиция учун камида иккита футболчи бўлишини истамоқда. Айрим чизиқларда футболчилар сони ортиқча экани аниқланган. Шу сабабли ёзги трансфер ойнаси якунига қадар “қироллик клуби” таркибидан уч нафар футболчининг кетиши кутилмоқда.
Эдуардо Камавинга клубдан кетиши мумкин бўлган футболчилардан бири сифатида кўрилмоқда. “Қаймоқранглилар” унга яхши таклиф тушган тақдирда трансферни кўриб чиқишга тайёр. Бироқ франциялик ярим ҳимоячи жамоада қолишни истамоқда.
Ферлан Мендининг келажаги ҳам сўроқ остида. Франциялик футболчининг тез-тез жароҳат олиши Моуриньонинг режаларига таъсир қилмоқда. Шунга қарамай, Менди Мадрид клубини тарк этиш ниятида эмас.
Яна бир номзод — Рауль Асенсио. “Реал Мадрид” тарбияланувчиси ҳозирча асосий таркибда қолиш учун мураббийни ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. У ҳам жароҳати сабаб мавсумолди тайёргарлик жараёнида тўлиқ қатнаша олмаяпти.
Эндрик ижарага берилмаслиги ойдинлашди. Моуриньо бразилиялик ҳужумчини жамоада олиб қолишга қарор қилган. Мураббий унинг келажакда ҳужум чизиғида муҳим рол ўйнашига ишонмоқда.
“Реал Мадрид” ёзги трансфер ойнасида таркибни кучайтириш учун катта маблағ сарфлади. Клуб Ян Диоманде, Марк Кукуреля, Дензел Дюмфрис, Иброҳима Конате, Бернарду Сильва ва Карлос Эспи трансферлари учун жами 225 миллион евро атрофида маблағ сарфлади. Моуриньо яна Родри трансферини ҳам хоҳлаган, бироқ “Манчестер Сити” футболчиси Мадрид клубига ўтиш таклифини рад этган.
Шу сабабли “Реал Мадрид” янги трансферлардан кўра, аввало таркибни қисқартиришга эътибор қаратади. Моуриньонинг мақсади — мавсум давомида бошқариш осон бўлган, позициялар бўйича мувозанатли ва тахминан 20 нафар футболчидан иборат таркиб шакллантиришдан иборат.








