Daryo

“У гўё ўлиб қолгандек эди” — Моуриньо “Реал”нинг мағлубияти ва рақиб жамоа ҳақида

Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо “Ла Лига” доирасида “Бетис”га қарши учрашувдаги мағлубиятга изоҳ берди.

2 дақиқа ўқиш11 762 кўришлар0 изоҳ0

Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо “Ла Лига” доирасида “Бетис”га қарши учрашувдаги мағлубиятдан сўнг (0:1) жамоасининг ўйинидан мамнун эканини таъкидлади.

“Статистикани кўрмадим, аммо менимча, тўп назорати бизда бўлган. Тўғри, бунинг унчалик аҳамияти йўқ, аммо биз кўплаб вазиятлар яратдик. Дарвозага 10, 15 ёки 18 марта зарба берганмиз, аниқ билмайман. Учта вазиятдан фойдалана олмадик, уларнинг дарвозабони эса тўртта ажойиб сейв амалга оширди. Эртага учрашувни кўриб, фикримни ўзгартиришим мумкин. Аммо бугун, захира ўриндиғида ўтирганимда, нега мағлуб бўлганимизни тушунмадим. Буни изоҳлаб беролмайман. Умуман олганда, жамоа барча жиҳатларда жуда яхши ўйнади. Индивидуал жиҳатдан ҳам футболчилар ўзларини аъло даражада кўрсатишди. Ҳеч бир футболчининг ўйинга бўлган муносабати учун эътироз билдира олмайман — аксинча, ҳаммаси бор кучини берди. Биз ғалабага аниқ лойиқ эдик, аммо фақат очкога лойиқ бўлишнинг ўзи очко келтирмайди”, деди Жозе Моуриньо.

Португалиялик мутахассис, шунингдек, “Реал” футболчилари “содда” кўринганини таъкидлади. Унинг фикрича, мадридлик футболчилар мезбонлар томонидан амалга оширилган фоллардан сўнг дарҳол оёққа туришган, “Бетис” футболчилари эса, аксинча, бундай вазиятлардан ўз фойдасига максимал даражада фойдаланишган:

“Биласизми, ‘Бетис’ футболчилари ‘Реал’ ўйинчиларидан ақллироқ. Мадридликлар эса ҳаддан ташқари содда ва тажрибасиз ҳаракат қилишади. Учрашувнинг илк ҳужумидаёқ Вальвердега нисбатан қоида бузган футболчига аниқ сариқ карточка кўрсатилиши керак эди. Кейин Винига қарши қўпол фол учун яна бир сариқ карточка берилиши лозим эди. Бизнинг футболчилар эса дарҳол ўрнидан туриб кетишади. ‘Бетис’ футболчилари ақллироқ ҳаракат қилишади ва уларга фантастик мухлислар ёрдам беради. Улар футболчиларни руҳлантиради, босимни кучайтиради ва шундай натижаларга эришишга ундайди.

Соддалик деганда нимани назарда тутяпман? ‘Бетис’ футболчилари майда-чуйда вазиятларда ҳакамнинг қарорларига таъсир ўтказишга ҳаракат қилишади. ‘Реал’ футболчилари эса сариқ карточкага лойиқ бўлган вазиятларда — масалан, Вальверденинг оёғига босиб кетилганида — ўзини тутиб, оёқда тураверади. Бу ‘Реал’ сардорига ярашадиган ҳолат”.

Моуриньо, шунингдек, пенальтидан унумли фойдалана олмаган вазиятга ҳам изоҳ берди.

“Бошқа томондан, захира ўриндиғимизнинг рўпарасида бир футболчи контактдан сўнг ўзини шундай тутдики, гўё ўлиб қолгандек кўринарди. Мен шифокорлар келади, деб ўйладим, аммо охир-оқибат ундай бўлиб чиқмади. Мен айнан мана шу ҳақида гапиряпман. Шундай маданият ва менталитетга эга жамоаларга қарши ўйнаганингизда, бу сизга қарши ишлайдиган омилга айланади. Аммо мен барча футболчиларимдан, ҳеч бирини истисно қилмаган ҳолда, жуда мамнунман. Жамоа сифатида улар менга жуда ёқди, индивидуал жиҳатдан эса ҳеч бирига эътирозим йўқ. Пенальтидан фойдалана олмаганимиз ҳақида эса мен доим айтганимдек: ким пенальтини тепишга борадиган бўлса, ҳаммамиз у билан биргамиз”, дейди Моуриньо.

Эслатиб ўтамиз, “Реал” Ла Лига 4-тури доирасида “Бетис”га қарши кечган баҳсда Моуриньо бош мураббийликка қайтганидан кейин илк бор мағлубиятга учради.

Farg‘ona viloyati Bog‘dod tumanida tug‘ilganman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti Sport jurnalistikasi fakultetini tamomlaganman. “Daryo”da 2025-yil dekabr oyidan beri sport muxbiri lavozimida ishlayman va maxsus videomateriallar, tarjima maqolalar hamda xabarlar tayyorlayman. Sevimli filmim “Forrest Gamp”. “Shamol ortidan yugurib” (Xolid Husayniy) romanini yaxshi koʻraman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар