Япония фуқаролари сони 42 йил ичида биринчи марта 120 миллиондан камайди. Уларнинг сони 2026 йил бошида 119 736 483 нафарни ташкил этди. Бу ҳақда ҳукумат маълумотига таяниб Mainichi хабар берди.
1 январь ҳолатига кўра, аҳоли сони ўтган йилга нисбатан 917 000 кишига камайган. Бу 1968-йилда тегишли маълумотларни таққослаш имкони пайдо бўлганидан бери энг кескин пасайишдир.
Айни пайтда чет эллик резидентлар сони 354 минг кишига ошиб, рекорд даражага — 4 031 159 кишига етган. Ички ишлар ва коммуникация вазирлиги тегишли маълумотларни тўплашни 2013 йилда бошлаган.
Ҳукумат туғилишнинг пасайиш тенденциясини ўзгартиришга уринаётганига қарамай, мамлакатда 670 мингга яқин туғилиш қайд этилган. Бу 1,59 миллион ўлим билан солиштирганда рекорд даражадаги паст кўрсаткичдир. Япониянинг 47 та префектурасидан фақат Токиода фуқаролар сони 0,09 фоизга кўпайган.
Ишчи кучи етишмовчилигига дуч келган Япония аста-секин чет эллик ишчилар учун ўз эшикларини очмоқда. Хорижий резидентлар сони кетма-кет тўртинчи йил ўсмоқда. Улар орасида меҳнатга лаёқатли ёшдагилар улуши 86,17 фоизга етган.
Хорижий аҳоли сони энг кўп кўпайган префектуралар Ҳоккайдо (14,89 фоиз), Окинава (14,36 фоиз) ва Оита (13,90 фоиз) бўлди. Япониянинг умумий аҳолиси, хорижий резидентларни қўшиб ҳисоблаганда, 123 767 642 кишини ташкил этди. Бу ўтган йилгига нисбатан тахминан 563 000 кишига кам. Ўсиш фақат Токио, Чиба ва Осака префектураларида кузатилган. Ушбу маълумотлар аҳолини рўйхатга олиш реестридан олинган.
Маълумот учун, Японияда 2025 йилги туғилиш даражаси 1899 йил статистика юритила бошланган даврдан бери энг паст кўрсаткични қайд этганди. Ўшанда 670 мингдан кам туғилиш ҳақида маълумот берилган.








