Daryo

Ҳусийлар Қизил денгиздан фойдаланганлик учун кемаларга бож солади

Улар бундан АҚШга босимни ошириш воситаси сифатида фойдаланмоқчи. Бир давлат тўловдан озод этилади.

2 дақиқа ўқиш7 212 кўришлар0 изоҳ6

Яман ҳусийлари Қизил денгизнинг жанубий қисмидан ўтувчи тижорат кемаларидан ҳақ ундиришни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлигига вазиятдан хабардор минтақавий манбалар маълум қилди.

Бу режа ҳусийлар Саудия Арабистонига қарши денгиз блокадасини эълон қилганидан бир ҳафта ўтиб ўртага чиқди. Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи ҳусийлар 20 июль куни Саудияга қарши денгиз эмбаргосини эълон қилди. Бу Яқин Шарқдаги урушда АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши янги фронт очди ҳамда энергия ташувчи танкерларга ҳужумларни кенгайтирди.

Манбаларнинг билдиришича, гуруҳ Боб ал-Мандаб бўғозидан ўтадиган аксарият кемалардан ҳақ олиш вариантини ўрганмоқда. Бу бўғоз Қизил денгиз ва Адан кўрфазини боғлайди. Тизим қачондан кучга кириши ҳозирча номаълум. Ҳусийларнинг матбуот хизмати бу бўйича изоҳ бермади.

Эрон роли ва Хитой учун имтиёз

Июль ойида ҳусийлар вакиллари марҳум раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг дафн маросимида қатнашиш учун Эронга борди. Reuters манбаларига кўра, Эрон расмийлари улар билан Боб ал-Мандабдан ўтиш учун ҳақ жорий этиш масаласини муҳокама қилган.

Бундай қадамдан мақсад халқаро сув йўлларидан ҳақ олишни одатий ҳолга айлантириш ва АҚШга босимни оширишдир. Манбаларнинг қўшимча қилишича, Хитой кемалари бу тўловлардан озод этилади ва ҳусийлар бу келишувни қўллаб-қувватламоқда.

Аввалроқ Хитой ҳусийлар билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказган эди. Мақсад — Хитой танкерларининг Қизил денгизда ҳужумларсиз сузиб ўтишини таъминлаш. Хитой Саудия нефтининг дунёдаги энг йирик харидори ҳисобланади.

Теҳрондан қайтган ҳусийлар билан бирга Эрон маслаҳатчилари ҳам келган. Улар Боб ал-Мандаб орқали тўловларни тартибга солувчи махсус органни ташкил этишда ёрдам бермоқда.

“Ҳусийлар Қизил денгиз устидан назоратни қўлга киритишга ва кемалардан ҳақ олишга уринишмоқда”, деди Яман ҳукуматининг ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Афраҳ аз-Зуба.

Икки ғарблик дипломатнинг сўзларига кўра, бу ҳаракат Форс кўрфази ва Европа давлатларининг кучли қаршилигига учрайди. Бироқ ҳозирда халқаро ҳарбий-денгиз кучлари тижорат кемаларига етарлича ҳимоя таъминлай олмаяпти.

Ҳормуз бўғози ва Саудия Арабистонига таҳдид

Эрон расмийси Reuters’га берган хабарида, Теҳрон Уммоннинг Ҳормуз бўғозини биргаликда бошқариш ва кемалардан тўловлар олиш таклифини рад этганини айтди. Бу эса Кўрфаздаги савдо йўлини очиш умидларини йўққа чиқарди. Боб ал-Мандабнинг ёпилиши Саудия Арабистонини Ҳормуз бўғозига муқобил бўлган муҳим йўналишдан маҳрум қилади. Бу эса нефть танқислиги хавфини оширади.

Қизил денгиздаги юк ташиш ҳажми 2023 йил ноябрь ойидан бери тўлиқ тиклангани йўқ. У пайтда ҳусийлар Ғазодаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаш баҳонаси билан ҳужумларни бошлаган эди. Тижорат кемаларига ҳужумлар фақат 2025 йилнинг октябрь ойида Ғазода оташкесим тузилгач тўхтатилганди. Яқинда Саудия Арабистонининг Жизан порти яқинида камида битта нефть танкери ҳужумга учради ва бу масъулиятни ҳусийлар ўз зиммасига олди.

БМТ экспертлар гуруҳининг 2024 йилги ҳисоботига кўра, ҳусийлар илгари ҳам Қизил денгиз ва Адан кўрфазидан ўтувчи кемаларга хавфсиз ўтиш эвазига пул ундирган. Ушбу тушумлар ойига 180 миллион долларга етгани тахмин қилинган, аммо бу маълумот тасдиқланмаган.

Қизил денгиз йўналишининг аҳамияти жуда юқори бўлиб, Боб ал-Мандаб орқали Осиёга сузиб бориш ўртача 16 кун давом этади. Агар кемалар шимолий Қизил денгиз, Сувайш канали ва Африка жануби орқали айланиб ўтса, бу йўл 50 кунни ташкил этади.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар