Daryo

Саудия ва ҳусийлар бир-бирига авиазарбалар берди

Яман гуруҳи Саудиянинг Жизан шаҳрига ракета учирди. Бу Ар Риёднинг бир кун олдин қилган ҳужумига жавоб экани таъкидланди.

2 дақиқа ўқиш5 739 кўришлар0 изоҳ6

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Яман ҳусийлари Саудия Арабистонига ракета зарбаси берганини эълон қилди. Бу ҳужум 24 июль куни Ар Риёд гуруҳга тегишли нишонларга зарба берганига жавоб тариқасида амалга оширилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

25 июль куни эрталаб ҳусийларнинг Ансаруллоҳ медиа канали Telegram’да хабар тарқатди. Унда айтилишича, Яман ракета зарбаси Саудиянинг Жизан шаҳрида ёнғинлар келтириб чиқарган. Саудия ҳокимияти бу вилоятда фавқулодда хавф сигналларини эълон қилди.

24 июль куни Саудия Арабистони Яманнинг Ҳодейда порт шаҳри ҳамда унга яқин оролдаги ҳусий нишонларига ҳаводан зарбалар берган эди. Бунга жавобан ҳусийлар жавоб қайтаришга қасам ичганди.

Ҳусийлар сўнгги пайтларда Қизил денгизда юк ташишга таҳдид келтириб чиқармоқда. Гуруҳ денгизда Саудияга қарши денгиз блокадасини жорий этган. Бунинг ортидан шу ҳафтада хом нефть нархи яна бир баррел учун 100 доллардан ошиб кетди. Бу Май ойидан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Лекин 24 июль куни тушдан кейин нархлар яна тушди. Reuters агентлиги хабарига кўра, Brent фьючерслари 4 доллардан кўпроққа арзонлаб, 96 долларни ташкил қилди. Пасайиш Хитой томонидан ижарага олинган иккита супертанкер Боб ал-Мандеб бўғозидан муваффақиятли ўтгандан сўнг содир бўлди. Аввалроқ Трамп ҳусийларнинг Қизил денгизидаги ҳаракатлари учун Эрон жавобгар бўлишини айтиб, оғир жазо бериш билан таҳдид қилгани ҳақида хабар берилганди.

Айни пайтда охирги икки ҳафта ичида биринчи марта 25 июлга ўтар кечаси АҚШ ёки Эрон бир-бирининг позициялрига зарбалар берилгани ҳақида хабарлар берилмади. Бунгача АҚШ ҳарбийлари Эронга кетма-кет 13 кеча ҳужум уюштирган эди.

Шу билан бирга Уммон делегацияси Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрига етиб келди. Эроннинг IRNA давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, улар Ҳормуз бўғози бўйича музокаралар ўтказади. Омон ушбу бўғознинг жанубий соҳилини назорат қилади.

24 июль куни тушдан кейин Оқ уйда журналистлар билан суҳбатлашган Трамп Теҳрон билан музокаралар давом этаётганини айтди. Шу билан бирга, у янги ҳужумлар билан таҳдид қилишда давом этди.

“Биз улар билан алоқадамиз. Ўйлайманки, улар бунга жиддий қараяпти. Менимча, улар биз кўрган энг жиддий ҳолатда. Лекин бу ҳали келишувга эришдик дегани эмас”, деди Трамп.

Эрон урушидан чиқиш стратегияси ҳақида сўралганда, Трамп шундай деди:

“Ҳарбий чиқиш йўли бор, унда биз ҳозирги усулда давом этамиз ва ҳатто зарбани кучайтирамиз. Бу улардаги бор нарсани йўқ қилади. Ёки келишув тузишга олиб келадиган ақллироқ стратегия бор. Аммо биз шай ҳолатдамиз. Ҳаракатга тайёрмиз””.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар