Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби Мюнхеннинг “Бавария” жамоаси вингери Луис Диасни ўз сафига қўшиб олиш ниятида. Бу ҳақда инсайдер Саша Тавольери хабар берди.
Қайд этилишича, саудияликлар 29 ёшли колумбиялик футболчига солиқлар тўлангандан кейин йилига 25 миллион евро соф маош таклиф қилмоқда.
Хабарга кўра, “Ал-Ҳилол” ҳозирча “Бавария” билан музокара ўтказмаяпти ва фақат Диаснинг ўзи билан алоқада бўлиб турибди. Агар футболчи ушбу трансферга рози бўлса, саудияликлар Мюнхен клубига 105 миллиондан 132 миллион еврогача трансфер пули тўлашга тайёр. Риёд клуби ёзги трансфер ойнаси учун умумий 350 миллион евро сарфлашни режалаштирган.
Маълумот учун, Луис Диас 2025-йилнинг ёзида Англиянинг “Ливерпуль” клубидан “Бавария”га трансфер қилинган эди. У ҳозирга қадар мюнхенликлар сафида жами 51 та ўйинда иштирок этиб, 26 та гол ва 23 та голли узатмага муаллифлик қилган. Унинг клуб билан шартномаси 2029-йилнинг ёзига қадар амал қилади. Transfermarkt портали Диаснинг қийматини 70 миллион еврога баҳолаган.








