Европа Иттифоқи Temu онлайн савдо компаниясига 200 миллион евро жарима солди. Бунга савдо платформасида ноқонуний маҳсулотлар, жумладан, болалар учун хавфли ўйинчоқлар ва носоз қувватлаш қурилмалари сотилгани сабаб бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Европа Комиссиясининг таъкидлашича, компания маҳсулотларнинг “тизимли хавфларини” ҳамда уларнинг истеъмолчиларга етказиши мумкин бўлган зарарини “синчковлик билан аниқламаган, таҳлил қилмаган ва баҳоламаган”. Temu қарорга рози эмаслигини ва жаримани номутаносиб деб ҳисоблашини билдирди.
Мустақил ташкилот ўтказган “сирли харидор” текшируви давомида Temu’дан сотиб олинган қувватлаш қурилмаларининг аксарияти электр хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги аниқланган. Шунингдек, болалар ўйинчоқларининг катта қисмида кимёвий моддалар миқдори меъёрдан юқорилиги ҳамда уларда бўғилиш хавфини туғдирувчи майда қисмлар борлиги маълум бўлган.
Temu жарима тўлашдан ташқари, 28 августгача камчиликларни бартараф этиш режасини тақдим этиши шарт, шундан сўнг Комиссия икки ой ичида уни баҳолайди. Европа Иттифоқи комиссари Ҳенна Вирккунен бу чора Temu учун “кучли сигнал” эканини айтди. Компания вакили эса қарор 2024 йилга тегишли бўлиб, тизимнинг ҳозирги ҳолатини акс эттирмаслигини билдирди.
“Биз Еврокомиссия қарорига қўшилмаймиз ва жаримани номутаносиб деб ҳисоблаймиз. Қарорни диққат билан ўрганиб чиқмоқдамиз ва барча мавжуд вариантларни кўриб чиқяпмиз”, дейилади Temu баёнотида.
Жарима Европа Иттифоқининг Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонуни доирасида контент учун белгиланган иккинчи жазо чорасидир. Биринчиси 2025 йилнинг декабрь ойида Илон Маскнинг X ижтимоий тармоғига қарши қўлланган 120 миллион евролик жарима ҳисобланади.
Temuънинг Ўзбекистондаги фаолияти
2024 йил охирида Ўзбекистонда электрон тижорат учун янги қоидалар тасдиқланди. 28 декабрдан бошлаб ўзбекистонлик фойдаланувчилар билан ишлайдиган халқаро платформалар юридик шахсни рўйхатдан ўтказиши шарт эди.
Temu бу талабни бажармай келгани учун 2025 йил 20 мартдан блокланиши эълон қилинди. 18 март куни Temu маркетплейси юридик шахс — Ўзбекистон резиденти сифатида рўйхатдан ўтди. Ўшанда солиқ қўмитаси ўтган даврлар учун маркетплейс билан муҳокама қилинадиган масалалар борлигини, Temu билан ҳозирда музокаралар олиб борилаётганини билдирганди. 2026 йил март ойида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ILMA) Электрон тижоратни ривожлантириш ва тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Камронбек Муҳаммадиев агар Temu маркетплейси қонунчиликка риоя қилган ҳолда фаолият юрицагина Ўзбекистонда тикланиши мумкинлигини айтганди.








