Нуфузли The Economist нашри Хитойдаги янги авлод миллиардерлари феноменига эътибор қаратди. Мақолада келтирилишича, мамлакатда эски даврнинг кўчмас мулк ва давлат активлари ҳисобига бойиган магнатлари ўрнини компьютер ўйинлари, аниме ҳамда сунъий интеллектга қизиқувчи, оммадан йироқ юришни афзал кўрадиган ёш ва сирли авлод эгалламоқда.
Ўтган йилнинг бошида Хитойнинг DeepSeek сунъий интеллект лабораторияси Ғарб рақобатчилари орасида ваҳима уйғотган паллада, унинг асосчиси Лианг Венфенг ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмасди. Лианг ҳали ҳам сирли шахс бўлиб қолмоқда, бироқ бир нарса аниқ: унинг DeepSeek компанияси 71 миллиард долларга баҳоланган инвестиция босқичини якунлаши билан асосчининг бойлиги ҳам 38 миллиард долларга етди. Бу рақамлар уни Anthropic асосчиси Дарио Амодеи ёки OpenAI раҳбари Сем Алтмандан ҳам анча бойроқ қилади.
Лианг Венфенгни анжуманларда учратмайсиз. У хитой телевидениесида жонли эфирга чиқмаган, унинг ўзига хос ташқи кўриниши акс этган суратлар ёки видеолар жуда кам. Аслида, бу унинг ўзига хос характери эмас, балки Хитойнинг бугунги янги авлод ёш миллиардерларига хос умумий қиёфадир. Хитойда бундай миллиардерлар Америкадан кейин энг кўп етишиб чиқмоқда. Дунёнинг энг бой инсонлари бойлигини кузатувчи Hurun маълумотларига кўра, жорий йилда Хитойда 40 ёшгача бўлган камида 29 нафар ўз меҳнати билан миллиардер бўлган шахслар бор. Жорий йилда 41 ёшни қарши оладиган Лианг Венфенг ҳам қўшилса, уларнинг сафи 30 тага етади. Бу эса ўтган йилгига қараганда нақд тўққиз нафарга кўп демакдир.
Янги ва эски бойлар орасида тафовут
Хитойнинг янги магнатлари ўзидан олдингилардан тубдан фарқ қилади. Улар кўчмас мулк спекуляцияси ёки амалдорлар билан ўтказиладиган майхўрликлардан воз кечиб, компьютер ўйинлари ва япон анимесига кўпроқ вақт ажратади. Бироқ улар янги ғояларни глобал бизнесга айлантириш ва уларни мисли кўрилмаган тезликда амалга ошириш бўйича аввалги авлоддан анча маҳоратлироқ.
Хитой бойлари тарихи қисқа. 1980 йилларда хитойлик магнатлар давлат активларини қандай қўлга киритишни ўрганишган. Мао даврида ўқитувчилар ва зиёлиларни “террор” қилган талабалар гуруҳидан бири бўлган Чжан Руимин Haier деб номланган музлатгич заводини қўлга киритиб, уни бугунги кунда дунёдаги энг йирик маиший техника ишлаб чиқарувчисига айлантирган. 1990 йилларда кўчмас мулк бозорининг очилиши Ху Сзяин каби яна бир бойлар тоифасини яратди. Evergrande асосчиси бўлган Ху ҳозирда банкротликка учраган.
2000 йилларнинг бошларида, Хитой Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлган пайтда, BYD асосчиси Ван Чуанфу бошчилигидаги янги саноатчилар тўлқини юзага келди. 2010 йилларда эса интернет технологиялари Хитойнинг биринчи авлод техномагнатларини етиштириб чиқарди — бунга мисол сифатида Alibaba асосчиси Жек Ма ва WeChat яратувчиси Tencent раҳбари Пони Маламини келтириш мумкин. TikTok яратувчиси ByteDance ва онлайн мода гиганти Shein асосчилари ҳам орадан бир неча йил ўтиб, ўз бойликларига эга бўлишди; уларнинг ҳар иккиси ҳозир 40 ёшлар атрофида.
Хитойдаги янги тўлқин миллиардерлари бутунлай бошқа формулага таянмоқда. Hurun рейтингидаги ёш бойларнинг асосий қисми капиталини кундалик товарлар ва медиа оламидан топган. Масалан, уларнинг етти нафари ўйин бизнесида бўлса, тўрт нафари қаҳва ва чой тармоқларини юритмоқда. Лианг Венфенгдан кейинги иккинчи ўриндаги энг ёш бадавлат тадбиркор — харидорлар орасида оммалашган ўзига хос Labubu қўғирчоқлари билан танилган Pop Mart асосчиси Ван Нин ҳисобланади. Сунъий интеллект ҳисобига бойиганлар ҳозирча кўп эмас — рўйхатда уларнинг сони уч нафардан ошмайди. Улардан бири 34 ёшли Янг Чилин бўлиб, у АҚШнинг энг кучли моделлари билан рақобатга киришган янги сунъий интеллект технологиясини яратган Moonshot AI компаниясига раҳбарлик қилади. Энг эътиборлиси, ўтган йиллардаги чуқур турғунликни инобатга олсак, янги авлод рўйхатида бирорта ҳам кўчмас мулк магнати қолмаган.
Хитойлик янги миллиардерлар барпо этган бизнеслар ўтмишдагиларга қараганда анча глобалроқ. Илгари хитойлик тадбиркорларга хорижий бозорларга чиқишни ўзлаштириш учун ўн йил ёки ундан кўпроқ вақт керак бўлар эди. Ҳозир эса ундай эмас. Сутли чой дўконлари тармоғи — Chagee асосчиси, 33 ёшли Чжан Сзунзе ўз фирмасини 2017 йилда очди ва атиги икки йилдан сўнг илк хорижий филиалини ишга туширди. Ҳозирда компания Нью Йорк фонд биржасида рўйхатдан ўтган ва тўққизта давлатда ўз фаолиятини юритмоқда.
Янги бойларнинг хорижий бозорларга ҳаддан ташқари боғланиб қолиши қисман ички бозорда истеъмол харажатларининг пасайиши билан боғлиқ. 39 ёшли Ю Хао томонидан асос солинган маиший электроника бренди — Dreame сотувларининг қарийб 80 фоизи чет эл бозорига тўғри келади. Кичик сув ўтказмайдиган камералар сотувчи Insta360 компанияси ҳам деярли шунча даражада хорижий талабга таянади. Pop Mart ўтган йили Хитойдан ташқарида 2 миллиард доллардан ортиқ савдо қилди, бу унинг умумий даромадининг қарийб 40 фоизини ташкил этади. Chagee’нинг Хитойдаги савдо кўрсаткичлари пасайган бўлса-да, хорижда улар соғлом суръатда ўсиб бормоқда.
“996”дан воз кечган авлод
Ишга бўлган муносабат ҳам ўзгарган. Сўнгги ўн йил давомида Хитой бизнес маданиятининг баҳсли қисми бу — “996” тартиби эди (соат 9:00 дан 21:00 гача, ҳафтасига олти кун ишлаш). Бу ғояни Alibaba асосчиси Жек Ма илгари сурган ва бошқа маҳаллий техногигантлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланган эди. Бошқа бир электрон тижорат платформаси — Pinduoduo’да ёш ходимлар офисдан уйига қайтаётган вақтда ўта кучли чарчоқ туфайли вафот этган ҳоллар ҳам кузатилган.
Янги хитойлик тадбиркорлар эса аксинча, анча эркинроқ бошқарув услубини танламоқда. Кўплари иш вақти масаласида анча мослашувчан. Компьютер ўйинлари ишлаб чиқарувчи miHoYo компаниясининг 39 ёшли миллиардер ҳаммуассиси Лю Вей “иш жойида шунчаки ҳозир бўлиш” амалиётидан воз кечган. У компаниянинг “бахтли меҳнат, барқарор ўсиш” деб номланган ёндашуви асосида раҳбарлик қилади ва бу руҳий саломатликни биринчи ўринга қўяди. DeepSeek асосчиси Лианг Венфенг эса инсон мияси кунига атиги 6-8 соат диққатини жамлай олиши, ортиқча ишлаш эса хатоларга олиб келишини таъкидлагани айтилади.
“Дунёнинг бошқа исталган жойидагига қараганда кўпроқ ишлашга тайёрлик — бу Хитой иқтисодиётини ўтган ўттиз йил давомида қурган омил эди” дея норози бўлади яқинда истиқболли истеъмол брендларидан бирига ташриф буюриб, кўрганидан унчалик мамнун бўлмаган бир хусусий сармоядор.
Баъзилар Хитойнинг ёш асосчилари орасидаги бундай “хотиржам” муносабатни уларнинг шароити яхши муҳитда ўсгани билан боғлайди. Аввалги миллиардерлар айтиб берадиган, мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий инқилоблар гирдобида омон қолиш учун кураш ҳақидаги ҳикоялар энди ўтмишда қолди. Хитойлик ёш миллиардерлар орасида фақат жаноб Лианг ва Chagee асосчиси жаноб Чан камбағал оилада ўсган. miHoYo’нинг учта асосчиси дастлаб япон мультфильмларига бўлган қизиқиши орқали яқин муносабат ўрнатган ва ўз компанияларини ўйинлар ҳамда комиксларга бўлган муҳаббат шарафига ташкил этган. AI лабораторияси MiniMax асосчиси эса “Data 2” ўйинига шунчалик ишқибозки, ходимлари уни ўйин қаҳрамони ИО деб аташади.
Бой бўлиш — хавфли иш
Хитойнинг ёш миллиардерлари учун ҳаммаси ҳам силлиқ кечаётгани йўқ. Сўнгги бир неча йил ичида Хитой ҳукумати ва бадавлат тадбиркорлар ўртасидаги муносабатлар ёмонлашди. Илгариги магнатлар ўзларини миллий қурилиш лойиҳасининг ажралмас бўлаги деб ҳисоблашган. Хитой ЯИМнинг чорак қисмини таъминлаб келган кўчмас мулк сектори асосан хусусий қурувчилар ва маҳаллий ҳокимият вакилларининг ўзаро манфаатли келишувлари эвазига гуллаб-яшнаган эди. Жек Ма Хитой рақамли иқтисодиётини қуришда асосий рол ўйнаган. Бироқ марказий ҳукумат эндиликда бу соҳалардаги кўплаб нуфузли шахсларни жазолади. Кўчмас мулк саноатидан “кредит дастаги” олиб ташланди. Жек Манинг бизнес империяси 2020 йилда регуляторларни танқид қилганидан сўнг давлат тазйиқи остида қолди. Хитой раҳбари Си Цзиньпин “умумий фаровонлик” шиори остида тенгсизликни камайтиришга интилмоқда.
2021 йилда ичимлик суви ишлаб чиқарувчи Nongfu компанияси асосчиси, 71 ёшли Чжун Шаншан қарийб 100 миллиард долларлик бойликка эга бўлган эди. Ўшандан бери ҳеч ким, ҳатто жаноб Чжун ҳам бунга яқинлаша олмади — компания акциялари нархининг тушиши оқибатида унинг бойлиги 39 миллиард доллар атрофида қолди. Жек Манинг бойлиги 2021 йилдагига нисбатан беш бараварга камайган, бошқа интернет-магнатлари ҳам худди шундай тақдирга дуч келишди. Шундай бўлса-да, уларнинг аҳволи кўчмас мулк соҳасидаги магнатларга қараганда яхшироқ — уларнинг кўпчилиги ҳатто ҳибсга ҳам олинди.
Бундай таранг муҳит янги авлод вакилларида ҳам хавотир уйғотмоқда. Сиан Сяотун-Ливерпуль университети профессори Стивен Хайнинг айтишича, ёш тадбиркорлар саноат сиёсатида фаолроқ бўлишни истаса-да, уларнинг қўл-оёғи боғланган. Уларнинг ташқи бозордаги амбициялари эса Вашингтон ва Пекин ўртасидаги совуқ муносабат сабаб жиддий хавф остида қолмоқда. Масалан, ҳукумат аралашмаганида, 33 ёшли Сяо Ҳунг ўзининг Manus номли сунъий интеллект фирмасини Meta компаниясига сотиб, жорий йил бошиданоқ миллиардерга айланган бўларди.
Hurun таҳлилчиси Руперт Ҳугеверфнинг таъкидлашича, бу ёш раҳбарлар ўз бизнеси икки буюк давлат сиёсатидаги кутилмаган бурилишлар сабабли бир лаҳзада йўқ бўлиб кетиши мумкинлигини жуда яхши ҳис қилади. Шу боис улар учун оммадан йироқ юриш — энг ишончли “омон қолиш” стратегиясига айланган. Кўпчилик ёш миллиардерлар хорижий ОАВ у ёқда турсин, ҳатто маҳаллий матбуот билан ҳам мулоқот қилишдан қочади. Натижада дунёдаги энг глобал ва шиддатли бизнесни юритаётган ушбу ёшлар айни пайтда Хитойнинг энг сирли ҳамда жумбоқли бойлари бўлиб қолмоқда.








