Хитойда экстремал об-ҳаво ҳодисаларига тайёргарлик кўриш мақсадида аҳоли учун сунъий тайфун ишга туширилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Ушбу лойиҳа Ханчжоу шаҳридаги “Лвхинг” табиий офатларни симуляция қилиш ўқув марказида амалга оширилмоқда. Марказда бир кунлик машғулот тўлови 1 599 юан (236 доллар)ни ташкил этади. Иштирокчилар махсус гидрокастюм, дубулға билан таъминланади ва йўриқчи назоратида бўлади. Улар бу ерда тайфун ёки тўсатдан сув тошқини бошланганда нималар содир бўлишини синаб кўради.
Бу дунёда тайфун бўйича таълим берадиган биринчи муассасадир. Марказ кучли ёмғир билан бирга соатига 165 километргача етадиган шамол тезлигини ҳосил қила олади. Тоғ тошқинларини моделлаштириш учун 900 тонна, шаҳар шароитидаги тошқинлар учун эса 400 тонна сувдан фойдаланилади.
“Сўнгги икки йил ичида об-ҳаво тобора ноаниқ бўлиб бормоқда. Бундай имконият бизга турли даражадаги офатлар аслида қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида яхшироқ тасаввур беради ва хабардорлигимизни оширади”, деди сунъий тайфунни бошдан кечирган Ҳуан.
Хитой Миллий иқлим марказининг маълум қилишича, июль ойида Тинч океанининг шимоли-ғарбий қисми ва жанубий Хитой денгизида 6 тагача тайфун ҳосил бўлиши кутилмоқда. Яқинда содир бўлган “Бави” тайфуни ҳам шундай офатлардан бири бўлди. У кучли тошқинларни келтириб чиқарди ва миллионлаб хитойликларни ўз уйини ташлаб кетишга мажбур қилди.
2025 йилнинг май ойида очилган ушбу марказ машғулотларида ҳозиргача 160 мингдан ортиқ киши қатнашган. Марказ бош инструктори Ван Куангханнинг айтишича, яқин уч йил ичида Хитойда яна бешта шундай муассаса очиш режалаштирилган. У ерда ёнғин ва зилзила каби бошқа табиий офатлар ҳам сунъий кўринишда моделлаштирилади.








