Сингапурнинг мусулмонлар ишлари бўйича вазири вазифасини бажарувчи Файшал Иброҳим бегона аёл билан алоқалари ортидан истеъфога чиқди. Бу ҳақда бош вазир Лоуренс Вонгга таяниб Al Jazeera хабар берди.
“Улар аксарият мулоқотни онлайн хабарлар орқали амалга оширган. Оммавий тадбирлар доирасида ҳам учрашишган”, деди Вонг.
Кейинчалик ҳар икки томон бир-бирини ҳаррасментда (шилқимлик) айблаган. Мазкур ҳолат полиция томонидан ўрганилмоқда. Вонгнинг айтишича, Файшал иши бўйича томонлардан ҳеч бири жиноий ҳуқуқбузарлик содир этмаган. Шу сабабли уларга нисбатан ҳеч қандай жиноий чора кўрилмайди.
“Аммо доцент Файшалнинг хатти-ҳаракати сиёсий лавозим эгаси ва парламент аъзосидан кутиладиган стандартларга мос келадими алоҳида масала”, деди Вонг.
Файшал ҳукмрон “Халқ ҳаракати” партиясидан ҳам истеъфога чиққан. У 2006 йилдан буён парламент аъзоси бўлиб келган, 2025 йилда эса мусулмонлар ишлари бўйича вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасида Файшал қуйидагиларни баён этган:
“Орамизда ҳеч қандай жисмоний яқинлик бўлмаган ва мен муносабатларимиз бу даражага етишини хоҳламаган бўлсам-да, ушбу вазиятда хатога йўл қўйганимни тан оламан. Мен муносабатларимизни нотўғри йўлга қўйдим ва вақтида аниқ чегараларни белгилай олмадим”.
Бош вазир Файшалнинг шундай шароитда сиёсатни тарк этаётганидан афсусда эканини билдирди.








