Daryo

Овозини эшитасиз, ўзини кўрмайсиз: Африкада янги маймун тури аниқланди

Табиат ҳимоячилари уни илк бор 2008 йилда кўрган ва хира суратга олган. Орадан ўн йил ўтиб, маймун яна кўзга ташлангач, халқаро тадқиқотчилар уни ўрганишга киришган.

2 дақиқа ўқиш7 188 кўришлар0 изоҳ8

Конго Демократик Республикаси (Конго ДР) ўрмонларида фанга номаълум янги маймун тури аниқланди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маймун Ломами миллий боғининг зич тропик ўрмонларида, дарахтларнинг баланд шох-шаббалари орасида яширинган ҳолда кўзга ташланган. Маҳаллий табиат ҳимоячилари бу жониворни илк бор 2008 йилда учратган. Бироқ ўшанда улар маймунни фақат бир марта ва хира суратга олишга муваффақ бўлган.

Орадан ўн йил ўтиб, маймун яна бир бор кўзга ташлангач, халқаро тадқиқотчилар гуруҳи уни излаш ва ўрганишга киришди. Натижада бу фанга илгари номаълум бўлган мутлақо янги тур экани аниқланди. Ушбу кашфиёт сўнгги 75 йил ичида Африкада аниқланган бешинчи маймун тури бўлди.

Янги турни аниқлашда Флорида Атлантика университети докторанти Жуниор Амбоко етакчилик қилди. Изланишлар доирасида аудиоёзувлар таҳлил қилиниб, фотосуратлар ўрганилди ва батафсил генетик тадқиқотлар олиб борилди.

Айрим маҳаллий аҳоли вакиллари бу маймуннинг борлигини аввалдан билган ва уни “Ликвели” деб атаган. Амбоконинг сўзларига кўра, бу жониворлар “анча тортинчоқ” бўлиб, одатда дарахтларнинг энг баланд қисмига яширинишни афзал кўради.

“Қидирувларимиз доирасида биз ҳайвонлар яшайдиган ҳудудга яқин жойлашган 52 та қишлоқ аҳолиси билан суҳбатлашдик. Фақат саккизта қишлоқ аҳолиси маймунни илгари кўрган экан”, деди тадқиқотчи.

Конго ДР, АҚШ ва Германия олимларидан таркиб топган жамоа мамлакатдаги табиий хилма-хилликни эътироф этган ҳолда, маймунга Colobus congoensis деган лотинча ном берди. У колобус маймунларининг йирик гуруҳига киради.

“Булар бош бармоғи бўлмаган, ҳақиқатан ҳам муҳим аҳамиятга эга Африка маймунларидир. Улар дарахт шох-шаббаларида яшовчи ўтхўр жониворлар бўлиб, экотизимнинг ўта муҳим қисмидир. Бизнинг фикримизча, улар ўрмонда уруғларнинг тарқалиши ва униб чиқишида катта рол ўйнайди”, деб тушунтирди Флорида Атлантика университети профессори Кейт Детвилер.

Профессор Детвилернинг тахминига кўра, ушбу маймунларнинг юзидаги ғайриоддий ва ёрқин белгилар жуфтини ўзига жалб қилиши ёки бир-бирларини таниб олишига хизмат қилиши мумкин. Шунингдек, улар ўзига хос “бўкирувчи” овози билан ажралиб туради.

“Уларнинг овозини тез-тез эшитасиз, аммо ўзини деярли кўрмайсиз”, дея қўшимча қилди Амбоко.

Олимларнинг фикрича, бу жониворлар жуда камёб бўлиб, ўрмоннинг фақат ўзларига керакли озуқа ва яшаш муҳитини бера оладиган муайян ҳудудларидагина ҳаёт кечиради. Ҳудудда бундай маймунлар гўшти учун овланади. Шу боис тадқиқотчилар Colobus congoensis алоҳида тур сифатида таснифланганидан кейин уни расман муҳофаза остига олишни кўзламоқда. Ҳозирда мутахассислар маймунлар сонини аниқлаш ва уларнинг хулқ-атворини ўрганиш учун янада батафсилроқ мониторинг ишларини режалаштирмоқда.

Аввалроқ Бразилияда қалам учидек келадиган қурбақа тури аниқланганди. У ер юзидаги энг кичик тўрт оёқли ҳайвонлар сирасига киритилган. Шунингдек, Австралияда фанга номаълум ҳашарот тури аниқланган. 40 сантиметр узунликка эга ва оғирлиги голф коптогидек бўлган бу ҳашарот Австралияда аниқланган энг оғир ҳашарот саналган.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар