Эроннинг марҳум олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг дафн маросимида унинг уч ўғли иштирок этди. Улар отасининг ҳамда яна тўрт нафар оила аъзосининг тобути ёнида жаноза намозини ўқиди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Эрон давлат телевидениеси Мустафо, Мейсам ва Масъуд Хоманаийларнинг тобутлар ортида намоз ўқиётганини намойиш этди. Маросим Теҳрондаги “Имом Хомейний ал-Мусалла” мажмуаси ҳовлисида бўлиб ўтди.
Али Хоманаий билан бирга унинг қизи, куёви, келини ва 14 ойлик набираси ҳам дафн этилади. Улар Исроил ва АҚШнинг февраль ойидаги авиаҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганди. Можтаба Хоманаий 9 март куни отасининг ўрнига Эрон олий раҳнамоси этиб тайинланган. Бироқ авиаҳужум оқибатида олган тан жароҳатлари сабаб у ҳали ҳам омма олдида кўриниш бермаган.
Теҳрондаги видолашув маросимлари 3 июль куни бошланди. Унда Ўзбекистондан Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди. Хоманаийнинг жасади Машҳад шаҳрида ўрта аср шиа имомларидан бирининг қабри ёнига дафн этилади.








