Ливиянинг Ўрта Ер денгизи шарқий қирғоқларида сўнгги бир ҳафта ичида камида 15 нафар мигрантнинг жасади топилди. Улар орасида бир нафар ёш қиз ҳам бор. Бу ҳақда хавфсизлик, ҳарбий-денгиз кучлари ва тиббиёт соҳасидаги манбаларга таяниб, Arab News хабар берди.
Ҳарбий-денгиз кучларидаги манбанинг айтишича, мигрантлар кетаётган қайиқ ағдарилиб кетган. Омон қолган 10 кишининг сўзларига кўра, қайиқда жами 61 нафарга яқин одам бўлган.
Жасадлар Миср чегараси яқинидаги Тобрук шаҳри қирғоқларининг бир нечта жойидан топилган. Икки нафар хавфсизлик ходими жасадлар жуда ёмон ҳолатга келиб қолганини айтди. Улар қирғоқдан яна бошқа қурбонлар ҳам топилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Тобрук Қизил ярим ой жамияти томонидан Facebook тармоғига жойлаштирилган суратларда оқ рангли махсус кийим кийган кўнгиллилар қояли қирғоқлардан жасадларни йиғиб, пластик қопларга солаётганини кўриш мумкин.
2011-йилда НАТО қўллаб-қувватлаган исён оқибатида Муаммар Қаддафий ҳокимияти ағдарилган эди. Шундан бери Ливия уруш ва камбағалликдан қочиб Европага интилаётган мигрантлар учун транзит хабга айланиб қолган. Улар чўл ва Ўрта Ер денгизи орқали ўтадиган хавфли йўлларни танламоқда. Шунингдек, Ливия иқтисодиёти нефтьга асослангани сабабли, бу ерга кўплаб камбағал мигрантлар иш қидириб ҳам келади.
Бундан ташқари, пойтахт Триполи шаҳридаги Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Хумас шаҳри Шошилинч тиббий ёрдам ва кўмак маркази ҳам маълумот берди. Унга кўра, шифокорлар қайиғи ағдарилиб кетган яна 13 нафар мигрантга тиббий ёрдам кўрсатган.
Бундан олдин Испания ҳукумати 500 минг нафар ҳужжатсиз муҳожирга қонуний мақом беришни маъқуллагани ҳақида хабар берилган эди. Мамлакат бош вазири Педро Санчес бу қарорни “адолатли қадам” ва Испания учун зарурат деб атаган. У “аллақачон кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланган ярим миллионга яқин инсоннинг борлигини тан олиш” кераклигини таъкидлаган.
Ҳукумат режаси ҳужжатсиз муҳожирларга бир йиллик, янгиланадиган яшаш рухсатномасини таклиф қилади. Аризачилар Испанияда камида беш ой яшаганини ва судланмаганини исботлаши керак. Аризалар 16 апрелдан июнь ойи охиригача қабул қилинади.








