Исландия узоқ йиллардан бери илк бор Швейцарияни ортда қолдириб, дунёдаги энг қиммат давлатга айланди. Бу ҳақда маҳаллий касаба уюшмаси ҳисоб-китобларига таяниб Bloomberg хабар берди.
Eurostat маълумотларига кўра, Исландиядаги нархлар охирги марта 2018-йилда Швейцариядагидан баланд бўлган.
“Мамлакатдаги нарх-наво даражаси ҳозирда Швейцариядагидан уч фоиз пунктга юқори”, дейди Eurostat статистика агентлиги ва Исландия Марказий банки маълумотларига таянган иқтисодчи Вилхжалмур Ҳилмарссон.
Пандемиядан кейин туризм соҳасининг кескин ўсиши Исландиянинг иқтисодий тикланишга ҳамда нархларнинг шиддат билан ошишига сабаб бўлди. Марказий банк эса буни жиловлашга қийналмоқда.
“Туризм хизмат кўрсатиш соҳасидаги инфляцияга катта таъсир кўрсатмоқда. Туризм туфайли юзага келган талаб иш ҳақининг ошишига олиб келди. Яна бир муҳим омил — туризм бевосита таъсир кўрсатган уй-жой масаласидир. Масалан, сайёҳлар AirBnB орқали уй-жой учун маҳаллий аҳоли билан рақобатлашмоқда”, деди Виска зиёлилар касаба уюшмаси иқтисодчиси Ҳилмарссон.
Таққослаш учун Eurostat’нинг 2024-йилдаги сўнгги маълумотларида харид қобилияти паритети бўйича Швейцария нархлари даражаси Исландияникидан 7 фоиз пунктдан юқори бўлган. Мамлакат туризм кенгаши томонидан яқинда ўтказилган сўровнома юқори харажатлар сайёҳларни “аста-секин чўчита бошлагани”дан далолат беради.
“Узоқ муддатли истиқбол учун Исландия ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантирмаяпти. Биз доимий инфляция босимини юзага келтирадиган ва ишчи кучи талаб этадиган тармоқларга боғланиб қолганмиз. Иқтисодиётнинг бошқа йўналишларини ҳам ривожлантиришимиз керак”, дея хулоса қилди Ҳилмарссон.
Iceland Monitor сайтига кўра, Исландиядаги нархлар ҳозирда Европанинг 27 та мамлакатидаги ўртача кўрсаткичдан 84 фоизга, қўшни Скандинавия мамлакатларидагидан эса анча юқори. Таққослаш учун, сўнгги 30 йил ичида Исландия ва Европа ўртасидаги ўртача нарх фарқи 42 фоизни ташкил этган.
Бошқа Шимолий мамлакатлар билан таққослаганда, Исландияда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи умумий ҳисобда 44 фоизга, гўшт маҳсулотлари эса 71 фоизга, автомобиллар 40 фоизга юқори. Айни пайтда Исландияда нархлар Европа иқтисодий ҳудудига нисбатан икки баравар тезроқ ўсмоқда, Исландия кронаси эса нисбатан барқарорлигича қолмоқда.
Маълумот ўрнида, харид қобилияти паритети турли мамлакатларда бир хил товар ва хизматлар тўплами, яъни “истеъмол савати” нархини солиштириш орқали валюталарнинг реал харид қобилиятини ўлчайдиган кўрсаткичдир. Масалан, АҚШда бир финжон қаҳва 4 доллар бўлса, Ўзбекистонда 2 доллар. Демак, 4 доллар билан Америкада битта, Ўзбекистонда иккита қаҳва сотиб олиш мумкин. Бу Ўзбекистонда пулнинг харид қобилияти юқорироқ дегани. Яъни харид қобилияти паритети мамлакатнинг реал иқтисодий қувватини, валютаси билан ҳаётда қанча нарса сотиб олиш мумкинлигини кўрсатади. Шунинг учун иқтисодчилар давлатлар иқтисодий кучини баҳолашда харид қобилияти паритетини ҳам ҳисобга олади.








