Daryo

Исландияни АҚШ байроғи остида кўрсатган Трамп харитаси сабаб Америка элчиси ТИВга чақиртирилди

Қўшма Штатлар президенти ижтимоий тармоқдаги саҳифасига 6 тадан ортиқ давлат Америка байроғи рангларида тасвирланган харитани жойлаштирди.

2 дақиқа ўқиш10 251 кўришлар0 изоҳ0

Исландия 8 сентябрь куни АҚШ элчисини Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирди. Бунга Америка президенти Дональд Трампнинг ижтимоий тармоқда эълон қилган сурати сабаб бўлди. Суратда Исландия ва бошқа мамлакатлар АҚШ байроғи рангида тасвирланган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Трамп эълон қилган харитада АҚШ, Канада, Гренландия, Исландия, Мексика, Марказий Америка ва Кариб денгизи ҳавзаси Америка байроғи остида тасвирланган. Бутун қуруқлик “Америка Қўшма Штатлари” деб номланган. АҚШ президенти бу суратни Truth Social платформасидаги саҳифасига изоҳсиз жойлаштирган.

РУВ нашрига кўра, Исландия ташқи ишлар вазири Торгердур Гуннарсдоттир АҚШнинг ушбу мамлакатдаги элчиси Билли Лонгни чақиртирган. У ўз лавозимига август ойида расман киришган эди.

“Бу пост мутлақо номақбул экани ҳақидаги позиция аниқ етказилди”, дея хабар берган Исландия Ташқи ишлар вазирлиги телерадиокомпанияга.

АҚШ Давлат департаменти, Вашингтоннинг Копенгаген ва Рейкявикдаги элчихоналари ҳамда Нуукдаги консуллиги изоҳ бериш сўровларига жавоб қайтармади. Исландия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам қўшимча изоҳ бермади.

Трамп сўнгги пайтларда Даниянинг мухтор ҳудуди бўлган Гренландияни АҚШ эгаллаши кераклигини бир неча бор таъкидлаб келмоқда. Бу ҳолат Вашингтон ва Копенгаген ўртасида ҳамда бутун Европа бўйлаб кескинлик келтириб чиқарди. Иккала мамлакат ҳам НАТОнинг асосчиларидан ҳисобланади.

Август ойида Исландияда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокараларни қайта бошлаш юзасидан референдум ўтказилди. Унда аҳоли музокараларга қарши овоз берди. Бу жараёнда Трампнинг Гренландия борасидаги режалари ҳам муҳокама қилинган эди.

Музокаралар тарафдорларининг баъзилари АҚШга ишонмагани учун Европа Иттифоқи билан яқинроқ муносабатда бўлишни таклиф қилган. Бироқ таҳлилчиларнинг айтишича, овоз бериш натижасига асосан ички иқтисодий хавотирлар таъсир кўрсатган.

Трамп юқоридаги постни Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйеннинг Гренландияга ташрифидан бир неча соат ўтиб эълон қилди. Ташриф чоғида Европа Комиссияси Гренландияга 200 миллион евро (232,5 миллион доллар) инвестиция киритишини эълон қилган эди.

Дания бош вазири Метте Фредериксен Нуук шаҳрида Ритзау ахборот агентлигига берган интервьюсида Гренландия халқи ва ҳукуматининг позицияси ўзгармаслигини айтди.

“Гренландия ҳукумати ва халқи америкалик бўлишни хоҳламаслигини қайта-қайта таъкидлаган. Умид қиламанки, бу борада АҚШда ҳам, дунёнинг бошқа жойларида ҳам ҳеч кимда шубҳа қолмаган”, деди у.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар