Daryo

Яроқлилик муддати тез ўтадиган 5 та косметика маҳсулоти

Тушнинг яроқлилик муддати бошқа декоратив маҳсулотларга қараганда қисқароқ. Агар сиз ҳар куни киприкларингизни бўяб юрсангиз, маҳсулотни ҳар уч ойда бир марта алмаштиришингиз лозим.

2 дақиқа ўқиш20 773 кўришлар0 изоҳ32

Ҳар қандай декоратив ёки парваришловчи косметик маҳсулотнинг икки хил яроқлилик муддати бўлади: очилишдан аввалги ва очилгандан кейинги муддат. Яроқлилик муддати қутида ёки косметик воситанинг юзасида EXP: сўзи билан кўрсатилади. Шундай косметикалар борки, улар 1-2 йил ва ҳатто ундан кўп муддат давомида сақланиши мумкин, масалан, кўз учун рангли тенлар, қаттиқ қаламлар ёки ҳайлайтерлар. Аммо аксарият косметик маҳсулотларни сақлаш муддати анча қисқа бўлади. Муддати ўтган бўёқ ва атир-упадан фойдаланиш эса аллергик реакциялар ва турли инфекциялар юқтиришга сабаб бўлади.

Табиий косметика (Яроқлилик муддати: 3-6 ой)

Фото: iStock

Табиий маҳсулотлардан тайёрланган махсус косметика сақлаш муддати жуда қисқа бўлади. Сабаби, табиий косметика таркибида синтетик консервантлар мавжуд бўлмайди ва улар кимёвий бўёқлар каби кучли таъсирга эга эмас. Очилгандан сўнг табиий косметика 3-6 ойгача сақланиши мумкин. Муддати тугаган маҳсулотни эса ташлаб юбориш керак, чунки у нафақат самарасиз бўлади, балки аллергия қўзғатиб юборади.

Туш (Яроқлилик муддати: 3-6 ой)

Фото: iStock

Декоратив косметикалар ичида энг тез ифлосланадиган ва муддати тугайдиган маҳсулот — бу кўзлар учун туш. Туш ичига доимо ҳаво кириши, чўткасига бактериялар тўпланиши кўзга зарар келтиради. Шунинг учун тушнинг яроқлилик муддати бошқа декоратив маҳсулотларга қараганда қисқароқ. Агар сиз ҳар куни киприкларингизни бўяб юрсангиз, маҳсулотни ҳар уч ойда бир марта алмаштиришингиз лозим. Очилган туш узоғи 6 ой сақланади.

Банкасимон идишдаги кремлар (Яроқлилик муддати: 3-6 ой)

Фото: Shutterstock

Шиша идишдаги кремлар кўринишидан қанчалик чиройли бўлмасин, улардан фойдаланиш амалда қулай эмас. Маҳсулотга доим бармоқ билан тегиш, тез-тез очиб туришга тўғри келади. Крем танлашда косметика дозаторли ва кичик қопқоқли идишда бўлишига аҳамият беринг.

Кўз атрофи учун патчи (Яроқлилик муддати: 3-6 ой)

Фото: Healthline

Ёпиқ қадоқдаги патчилар уч йилгача сақланиши мумкин. Аммо очилган патчи хона ҳароратида узоғи 3 ой, қоронғи ва салқин жойда 6 ойгача сақланади. Кўз атрофидаги тери юзнинг энг нозик ва сезгир қисми бўлиб, патчи ва кўз атрофига суртиладиган барча косметик воситаларни сақлашда муддатга амал қилиш саломатлик учун муҳим ҳисобланади.

Кўз учун суюқ қалам — подводка (Яроқлилик муддати: 3-6 ой)

Фото: Shutterstock

Подводка, туш, қалам каби кўз учун бўёқлар кўз соҳасига жуда яқин жойда қўлланилгани туфайли уларни мунтазам равишда — ҳар 3-6 ойда алмаштириш керак. Қалам кўринишидаги кўз бўёқлари суюқ подводкага нисбатан узоқроқ сақланади. Чунки таркибида сув бўлган барча маҳсулотлар биринчи навбатда бузилади. Сув эса бактериялар ва микробларнинг тарқалиши учун қулай муҳит яратади.

Toshkentdanman. Alisher Navoiy nomidagi O‘zbek tili va adabiyoti universitetining O‘zbek tili fakultetini tamomlaganman. “Daryo”da 2024-yildan beri Layfstayl bo‘limida muxbir lavozimida ishlayman va maqolalar hamda videomateriallar tayyorlayman. Har yili ispan kinoijodkorlari tomonidan suratga olingan “Невидимый гость” (“Ko‘rinmas mehmon”) filmni kamida ikki marta qayta tomosha qilaman. Imom al-Buxoriy haqidagi “Sohilsiz dengiz” kitobi yoqadi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар