Daryo

Сингапурлик 59 ёшли эркак ўта ёш кўриниши билан ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини ҳайратга солмоқда (фото)

Ўзининг ҳақиқий ёши билан барчани ҳайратда қолдирган Чуандо Тан бундай натижага эришганини айтиб беришга қарор қилди. У ёшлик сири сеҳр ёки махсус муолажаларда эмас, балки кундалик турмуш тарзида эканини таъкидлайди.

3 дақиқа ўқиш67 313 кўришлар0 изоҳ117

Ким ҳам доимо ёш кўринишни истамайди? Соғлом тери, гўзал қомат ва доимо тетик кўриниш бугун кўпчилик косметология муолажаларига ёки қиммат “гўзаллик уколлари”га мурожаат қилади. Бироқ сингапурлик фотограф Чуандо Тан буларсиз ҳам 59 ёшида 30 ёшлар атрофидаги эркакдек кўринишга эга. У бундай натижага оддий, аммо интизомли турмуш тарзи орқали эришган. Хўш, унинг ёшлик сири нимада?

Чуандо Тан 16 ёшидан бошлаб модел сифатида фаолият юритган. У узоқ вақт мода саноатида ишлаган, кейинчалик эса мусиқада ўзини синаб кўришга ҳаракат қилган. Бироқ тез орада шоу-бизнес унинг феъл-атворига мос эмаслигини тушуниб етган ва бутун эътиборини фотографликка қаратган. Бу қарор унинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборган.

Фото: Instagram
Фото: Instagram

Сураткашлик соҳасида Тан тез орада муваффақият қозонди. У халқаро лойиҳаларда иштирок этди, машҳур санъаткорлар билан ишлади, жумладан, Жанет Жексон билан ҳам ҳамкорлик қилди. Вақт ўтиб, у ўзининг шахсий фотография агентлигини ташкил этди ва мамлакатида обрў-эътибор қозонди.

Бироқ унинг фаолиятидаги энг катта бурилиш 2017-йилда юз беради. Ўша йили Чуандо Таннинг фотосуратлари ижтимоий тармоқларда тезлик билан тарқалиб, бутун дунё интернет фойдаланувчиларини ҳайратга солади. Мускулли қомат, қуёшда табиий қорайган тери, қалин қора сочларни кўриб кўпчилик уни ёш модел деб ўйлади.

Фото: Instagram
Фото: Instagram

Қисқа вақт ичида унинг саҳифасига миллионлаб обуначилар қўшилди. Асосан аёллар уни 30 ёшлар атрофида деб ҳисоблашар эди. Таннинг ҳақиқий ёши маълум бўлгач, мухлислар янада ҳайратда қолди. Чунки у ўша пайтда 50 ёшдан ошган эди.

Ўзининг ҳақиқий ёши билан барчани ҳайратда қолдирган Чуандо Тан вақт ўтиб, қандай қилиб бундай натижага эришганини айтиб беришга қарор қилди. У ёшлик сири сеҳр ёки махсус муолажаларда эмас, балки кундалик турмуш тарзида эканини таъкидлайди.

Фото: Instagram
Фото: Instagram

Тан қатъий парҳезларга амал қилмайди, бироқ овқатланишда поклик ва меъёрни муҳим деб билади. У қаҳва ва спиртли ичимликларни умуман истеъмол қилмайди. Ҳар куни нонушта қилади ва бу нонушта одатда олтита тухумдан иборат бўлади, шундан фақат иккитасининг сариғини истеъмол қилади. Нонуштага бир стакан сут қўшилади, баъзан эса янги резаворлар ёки авокадо билан бойитилади.

Бундан ташқари, у ҳар куни эрталаб витаминлар қабул қилади. Унинг айтишича, бу одатлар умумий ҳолат ва ташқи кўринишга сезиларли таъсир кўрсатади.

Фото: Instagram
Фото: Instagram

Чуандо Тан очиқ ҳавода бўлишни муҳим деб ҳисоблайди. У қуёш нури организм учун зарур бўлган Д витаминининг асосий манбаи эканини таъкидлайди. Бироқ қуёшда бўлишда ҳам меъёр муҳимлигини эслатади.

“Қуёшда эрта тонгда ёки кечқурун бўлиш фойдалироқ. Ҳаддан ташқари қуёш нури терининг қаришини тезлаштириши мумкин”, дейди у.

Таннинг тушлиги оддий, аммо фойдали таомлардан иборат бўлади: грилда пиширилган товуқ, жигарранг гуруч, сабзавотлар ёки балиқ шўрва. Кечки овқатни ухлашдан камида беш соат олдин ейди. Кун давомида эса етарлича сув ичишга алоҳида эътибор беради.

Фото: Instagram
Фото: Instagram

Чуандо Тан фақат овқатланиш билангина бундай кўринишга эришиб бўлмаслигини очиқ тан олади. Унинг ҳаётида спорт муҳим ўрин тутади. Ҳар куни эрталаб у енгил машқлар билан шуғулланади, кун охирида эса югуради. Ҳафтасига уч-беш марта спорт залига боради.

“Оғир машқлар эса мушакларни мустаҳкамлайди, юрак фаолиятини яхшилайди ва организмни доимо фаол ҳолатда ушлаб туради”, дея маслаҳат беради у.

Шунингдек, Тан ҳар куни камида 15 дақиқа арғамчида сакрашни фойдали деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, бу машқ метаболизмни тезлаштиради ва ёшга боғлиқ ўзгаришларни секинлаштиради. Сузиш ҳам унинг севимли машғулотлари қаторига киради.

Интернет юлдузи соғлом уйқуни ёшликнинг муҳим омилларидан бири деб билади. У ҳар куни соат 23:00 да ухлашга ётади ва уйқудан анча олдин телефонни четга қўяди. Унинг фикрича, узоқ вақт телефон экранига қараш мелатонин ишлаб чиқарилишини камайтиради ва бу қариш жараёнига салбий таъсир кўрсатади.

Фото: Instagram

Юз парваришида Тан минимализмга амал қилади. У фақат намлантирувчи крем ва енгил тозаловчи гел ишлатади, скраб ва агрессив воситалардан фойдаланмайди. Косметологларга мурожаат қилмайди. Унинг ташқи кўринишига мунтазам таъсир қиладиган ягона мутахассис соч стилисти бўлиб, у вақти-вақти билан оқарган сочларини бўяб туради.

Шунингдек, Тан чекиш ва спиртли ичимликлардан воз кечишни, стрессни камайтиришни ва ҳаётга ижобий муносабатда бўлишни тавсия қилади. Унинг фикрича, қариш жараёнида нафақат тананинг, балки фикрлаш тарзининг ҳам роли жуда катта.

Soliyeva Sevaraxon Akram qizi. 1996-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2018-yilda O‘zbekiston davlat jahon tillari universitetining Tarjima nazariyasi va amaliyoti yo‘nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар