“Интер Майами”нинг аргентиналик ҳужумчиси Лионель Месси MLS доирасидаги “Филадельфия Юнион”га қарши кечган учрашувнинг (6:4) 73-дақиқасида жароҳат сабаб майдонни тарк этди. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо ўзининг X тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Ҳозирча футболчининг ҳолати ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Маями клуби яқин кунларда аргентиналик форварднинг соғлиғи ва жароҳати бўйича тўлиқ ҳисобот беради. Ушбу кутилмаган вазият Аргентина терма жамоаси мураббийлар штаби ҳамда мухлисларини жиддий хавотирга солиб қўйди. Боиси, Месси 11 июнь куни старт оладиган 2026-йилги Жаҳон чемпионати учун кенгайтирилган таркибга киритилган эди. Айрим тахминларга кўра, форвард жароҳат сабабли мундиалнинг дастлабки ўйинларини ўтказиб юбориши ҳам мумкин.
Маълумот учун, футбол бўйича ЖЧ—2026 турнири жорий йилнинг 11 июнидан 19 июлига қадар АҚШ, Канада ва Мексика яшил майдонларида бўлиб ўтади. Амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланган Аргентина терма жамоаси мусобақанинг гуруҳ босқичида Жазоир, Австрия ва Иордания билан куч синашади.








