“Манчестер Сити” Англия Премьер Лигасининг 36-туридан ўрин олган “Брентфорд”га қарши учрашувда бир йўла уч нафар футболчиси хизматидан фойдалана олмайди. Улар орасида ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ҳам бор. Бу ҳақда Manchester Evening News нашри хабар берди.
Унга кўра, Ҳусанов “Эвертон”га қарши кечган аввалги баҳсда “оғриқли соҳада зарба” олган. Клуб матбуот хизматининг қўшимча қилишича, футболчи ўйинга тўлиқ тайёр эмаслиги сабабли қайдномага киритилмаган. Таъкидлаш жоизки, ўзбекистонлик легионер “шаҳарликлар”нинг сўнгги 11 та ўйинидан 10 тасида асосий таркибда майдонга тушган эди.
Ҳусановдан ташқари, Родри ва Йошко Гвардиол ҳам жисмоний ҳолати сабабли мазкур баҳсни ўтказиб юборади. Пеп Гвардиола Абдуқодирнинг ўрнига асосий таркибга Натан Акени киритган. Шунингдек, жароҳатидан тузалган Рубен Диаш қайдномага қайтган бўлса-да, ўйинни захира ўриндиғида бошлайди.
Маълумот учун, “Манчестер Сити” учун ушбу учрашувдаги ғалаба чемпионлик пойгасида қолиш учун ўта муҳим ҳисобланади. Сабаби ҳозирда “шаҳарликлар” АПЛ турнир жадвалида 1-ўринни эгаллаб турган “Арсенал”дан 5 очко ортда қолмоқда.








