Хитойнинг Гуанси провинциясида 18 май куни 5,2 магнитудали зилзила юз берди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Ер силкиниши оқибатида Лючжоу шаҳридан 7 000 дан ортиқ киши хавфсиз жойга эвакуация қилинган. Расмийлар қидирув-қутқарув ишлари давом этаётгани ва транспорт қатновида узилишлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, табиий офат туфайли икки киши ҳалок бўлган, бир киши бедарак йўқолган, яна тўрт киши эса шифохонага юборилган. Уларнинг ҳаётига хавф йўқлиги айтилмоқда. Зилзила вақти жами 13 та бино қулаб тушган.
“Шунга қарамай, зарар кўрган ҳудудда алоқа ва электр тармоқлари, сув ва газ таъминоти ҳамда транспорт ҳаракати одатий режимда ишламоқда”, деб хабар беради давлат оммавий ахборот воситалари.
Хитойда бундан аввалги кучли зилзила 2025 йил январь ойида кузатилганди. Ўшанда Тибет автоном ҳудудида 6,8 балли зилзила қайд этилган. АҚШ Геология хизмати эса зилзила кучини 7,1 магнитуда деб баҳолаган. Табиий офат ортидан 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди.








