Япония миллий терма жамоаси бош мураббийи Ҳажиме Мориясу 2026-йилги Жаҳон чемпионати учун 26 нафар футболчидан иборат якуний рўйхатни эълон қилди, бироқ кутилмаганда жамоанинг асосий ҳужумкор футболчиси Каору Митома қайдномадан жой олмади.
“Брайтон” вингери ўтган ҳафта охирида Англия Премьер Лигаси доирасидаги “Вулверҳэмптон”га қарши баҳсда (3:0) тиззасидан оғир жароҳат олган эди. Мураббий Мориясунинг таъкидлашича, жамоа тиббий штаби футболчининг мундиал вақтида тўлиқ спорт формасига қайтиши қийин деган хулосага келган. Бу ҳолат “самурайлар” учун ўта оғир йўқотиш деб баҳоланмоқда. Сабаби 28 ёшли Митома жамоанинг энг хавфли ва креатив футболчиларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, тиззасидан жароҳат олган Такуми Минамино ҳам якуний таркибдан тушиб қолди.
Таркибга узоқ танаффусдан сўнг “Аякс” ҳимоячиси Такеҳиро Томиясу қайтди. Шунингдек, Ватару Эндо, Такефуса Кубо, Даичи Камада ва 39 ёшли Юто Нагатомо каби Жаҳон чемпионатига борадиган футболчилар рўйхатидан жой олган.
Маълумот учунм Япония турнирдаги иштирокини 14 июнь куни Нидерландияга қарши ўйин билан бошлайди. Гуруҳдаги қолган рақиблар — Швеция ва Тунис. Жамоа мусобақа олдидан Исландия билан ўртоқлик учрашуви ўтказади.








