Каталониянинг “Барселона” клуби юлдузи Ламин Ямаль 2026 йилги “Олтин тўп” соврини учун курашда етакчига айланди. Бу ҳақда Score 90 портали хабар берди.
“Бавария”нинг УЕФА Чемпионлар Лигаси ярим финалидаги муваффақиятсизлиги жамоа ҳужумчилари Ҳарри Кейн ва Майкл Олисенинг имкониятларини кескин пасайтириб юборган.
Қайд этилишича, иккинчи поғонадан “ПСЖ” етакчиси ва амалдаги “Олтин тўп” соҳиби Усмон Дембеле ўрин олган. Кучли учликни “Реал” форварди Килиан Мбаппе якунлаб берган. Ҳарри Кейн 4-поғонадан жой олган бўлса, “Арсенал” ярим ҳимоячиси Деклан Райс 5-ўринга қўйилган. 8 май ҳолатига кўра, энг нуфузли индивидуал соврин учун асосий даъвогарлар рейтинги қуйидагича кўриниш олган:
- Ламин Ямаль (“Барселона”);
- Усмон Дембеле (“ПСЖ”);
- Килиан Мбаппе (“Реал” Мадрид);
- Ҳарри Кейн (“Бавария”);
- Деклан Райс (“Арсенал”).
Ламин Ямал жорий мавсумда ажойиб натижалар қайд этмоқда. У “Барселона” сафида барча турнирлар доирасида жами 45 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 24 та гол ва 18 та голли узатма ёздириб қўйган. Ҳозирда “кўк-анорранглилар” 88 очко билан Ла Лигада пешқадамлик қилмоқда.
Каталония клуби 10 май оқшомида ўтказиладиган “Реал Мадрид”га қарши баҳсда мамлакат чемпионига айланиши мумкин. Шунингдек, 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги муносиб иштирок Ямалнинг ушбу “Олтин тўп”ни қўлга киритиш имкониятларини янада ошириши мумкин.
Маълумот учун, амалдаги “Олтин тўп” соҳиби Усмон Дембеле ҳисобланади. “ПСЖ” вингери ўтган мавсум парижликлар сафида Франция чемпионати ва Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди. Шунингдек, у 2025 йил якунида FIFA Қитъалараро Кубоги, 2026 йил ҳисобидан эса Франция Суперкубогини қўлга киритди. Бундан ташқари Дембеле “Бавария”га қарши кечган ЕЧЛ ярим финалида 3 та гол ва битта голли узатмани амалга оширди.








