Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва бошқа нефть харидорлари яқин кунларда Ҳормуз бўғози орқали бир нечта хом нефть юкланган танкерларни яширинча ўтказди. Бу ҳақда соҳа манбалари ва кемалар ҳаракати маълумотларига таяниб, Reuters хабар берди.
Эрон атрофидаги уруш сабабли Форс кўрфазида нефть савдоси деярли тўхтаб қолган. Шунинг учун БАА нефтьни Эрон ҳужумларидан ҳимоя қилиш мақсадида танкерларнинг жойлашувни кўрсатувчи датчикларини (АИС) ўчириб қўйган ва уларни бўғоздан олиб ўтган.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланишидан олдин БААнинг нефть экспорти кўрсаткичлари анча юқори эди.
“Ҳозирги етказиб бериш аввалги ҳажмларнинг бир қисмини ташкил этса-да, бу ишлаб чиқарувчи ва харидорларнинг нефть савдосини давом эттириш учун ҳар қандай хавфга тайёрлигини кўрсатмоқда”, дейилади хабарда.
Аммо минтақадаги бошқа давлатлар, жумладан, Ироқ, Кувайт ва Қатар нефть савдосини бутунлай тўхтатган ёки харидорларни жалб қилиш учун нархларни кескин туширган. Саудия Арабистони эса фақатгина Қизил денгиз орқали юк ташимоқда.
Махфий етказиб бериш схемаси қандай ишлади?
Аниқланишича, апрель ойида БААнинг
Abu Dhabi National Oil Co (ADNOC)
компанияси камида 4 миллион баррел Upper Zakum ва 2 миллион баррел Das навли нефтьни экспорт қилишга муваффақ бўлган. Бу маълумотлар сунъий йўлдош ва кема кузатув тизимлари таҳлили натижасида қўлга киритилди.
Юкларни етказиб беришда бир неча йўл қўлланилган. Хусусан, нефть бир кемадан иккинчисига очиқ денгизда ўтказилиб, Жануби-Шарқий Осиёга юборилган. Юк Уммоннинг Рас Марказ терминалидаги омборларга туширилган ёки тўғридан тўғри Жанубий Корея нефтьни қайта ишлаш заводларига етказилган.
Танкерлар Эрон ҳарбийлари кўриб қолмаслиги учун датчикларни ўчириб ҳаракатланади. Қизиқ томони шундаки, Эроннинг ўзи ҳам АҚШ санкцияларини четлаб ўтиш учун айнан шу усулдан фойдаланиб келади.
Бундай саёҳатлар жуда хавфли. 4 май куни БАА Эронни Barakah номли бўш танкерига дронлар билан ҳужум қилганликда айблади. Шунга қарамай, ADNOC савдони тўхтатмоқчи эмас. Ҳатто нефть партияларидан бири рекорд даражадаги устама нарх - расмий нархдан 20 доллар қимматроққа сотилган.
Маълумот учун, ADNOC уруш бошлангандан бери экспорт ҳажмини кунига 1 миллион баррелдан кўпроққа қисқартиришга мажбур бўлди. Илгари компания кунига 3.1 миллион баррел нефть экспорт қиларди. Ҳозирда компания Осиё нефть заводлари билан май ойидаги савдо бўйича музокаралар олиб бормоқда. Экспорт ишларини Форс кўрфазидан ташқаридаги портлар, жумладан, Фужайра (БАА) ва Сохар (Уммон) орқали давом эттириш режалаштирилган.
Форс кўрфазида 20 минг денгизчи қолиб кетган
Яқин Шарқдаги уруш туфайли Форс кўрфазида 20 минг денгизчи қолиб кетган. БМТнинг огоҳлантиришича, Ҳормуз бўғози ёпилиши оқибатида кемалар экипажи “қамал”га тушиб қолган.
Ҳозирда денгизчилар жуда оғир аҳволда. Форс кўрфазининг икки томонига ҳам чиқиш имконсиз. Эрон портлари уруш зонаси бўлгани учун хавфли. Жанубий қирғоқдаги Араб давлатлари виза чекловлари ва логистика муаммолари сабабли денгизчиларни қабул қилмаяпти. Ҳормуз бўғози эса амалда ёпиқ қолмоқда.
АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлаганидан бери Теҳрон бўғоздан ўтиш учун янги қоидалар жорий қилди. Мамлакат фақат “дўст” давлатлар кемаларини пул эвазига ўтказмоқда. Қўшма Штатлар президенти Дональд Трамп эса бунга жавобан денгиз блокадасини ўрнатди. Оқибатда бўғоз орқали ҳаракат деярли тўхтади: илгари кунига 100 дан ортиқ кема ўтган бўлса, ҳозир саноқли кемалар ўтмоқда.








