Ижтимоий тармоқларда “Яйпан” ва “Ғазалкент” жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳакамнинг қароридан норози бўлган мухлислар оммавий равишда майдонга тушиб кетгани акс этган хабарлар тарқалди. Вилоят ИИБ ҳолат бўйича расмий маълумот берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон туманида жойлашган марказий стадионда “Яйпан Фарғона” ҳамда Тошкент вилоятининг “Ғазалкент” жамоалари ўртасида футбол учрашуви бўлиб ўтган. Учрашув якунига яқин, бош ҳакам Рустам Чориев ўйин давомида мезбонлар сафидаги икки футболчи — Жавоҳир Абдужабборов ва Миршавкат Мирёқубовни қизил карточка билан майдондан четлатди.
Учрашув 1:2 ҳисобида мезбонларнинг мағлубияти билан якунланганидан сўнг, майдон эгалари ҳакамларнинг қарорларидан норозилик билдириб, улар томон турли буюмларни улоқтирган ҳолда майдондан кузатиб қўйди. Шунингдек, айрим томошабинлар майдонга тушиб, тартибсизлик келтириб чиқарган.








