Тожикистон чемпионатининг 2026 йилги мавсумида навбатдаги мураббий алмашинуви юз берди. Ўзбекистонлик мутахассис Шерали Бобоқулов мавсумнинг омадсиз стартидан сўнг “Истаравшан” жамоаси бош мураббийлигидан кетди.
Истеъфо жамоанинг муваффақиятсиз натижалари ортидан юз берди. Хусусан, 6-турдаги “Эсхата”дан учралган мағлубият раҳбариятнинг мураббий билан хайрлашишига асосий сабаблардан бири бўлди. Кетма-кет муваффақиятсиз натижалар жамоа мураббийлар штабида ўзгаришлар қилишга мажбур қилди.
Ҳозирда “Истаравшан” 6 та ўйиндан сўнг атиги 3 очко (учта дуранг ва учта мағлубият) билан турнир жадвалининг энг қуйи поғонасида бормоқда. Клуб раҳбарияти яқин кунлар ичида янги бош мураббий номини эълон қилишга ваъда берди.
Бобоқуловнинг кетиши жорий мавсумдаги учинчи мураббий истеъфоси сифатида қайд этилди. Бунгача “ЦСКА” устози Хуан Кортес ҳамда “Ҳосилот” мураббийи Шамсиддин Қосимов ҳам ўз лавозимидан озод этилган эди.








