Daryo

БАА OPEC таркибидан чиқишини эълон қилди

Энергетик инқироз туфайли Форс кўрфази давлатлари ўртасида келишмовчиликлар юзага келаётган бир пайтда, ушбу қарор ташкилот учун жиддий зарба бўлди.

2 дақиқа ўқиш4 028 кўришлар0 изоҳ3

Бирлашган Араб Амирликлари 28 апрель куни Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти — OPEC’дан чиқишини маълум қилди. Қарор Эрон атрофидаги уруш сабабли юзага келган мислсиз энергетик инқироз фонида Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги келишмовчиликлар намоён бўлаётган бир пайтда, ташкилот учун жиддий зарба бўлди, дея хабар берди Reuters.

Ташкилотнинг узоқ йиллик аъзоси бўлган БААнинг кетиши нефть ишлаб чиқарувчилар гуруҳини сезиларли даражада кучсизлантириши мумкин. OPEC шу вақтгача геосиёсий низолар ва ишлаб чиқариш квоталари бўйича ички зиддиятларга қарамай, бирдамликни сақлашга ҳаракат қилиб келаётган эди.

БАА энергетика вазири Суҳайл Муҳаммад ал-Мазруий Reuters агентлигига берган интервьюсида ушбу қарор мамлакатнинг энергетика стратегиялари синчиклаб кўриб чиқилгач қабул қилинганини айтди.

“Бу сиёсий қарор бўлиб, жорий ва келажакдаги ишлаб чиқариш ҳажмлари таҳлили асосида қабул қилинди. БАА бу масалада ташкилотнинг амалдаги етакчиси Саудия Арабистони ёки бошқа бирор давлат билан маслаҳатлашмади”, деди у.

БАА OPEC ва OPEC+ таркибидан расман 1 майдан чиқиб кетади. Ушбу эълондан сўнг нефть нархларидаги ўсиш бир оз пасайди.

Эрон урушининг таъсири

Ҳозирда Форс кўрфази давлатлари нефть экспорт қилишда қийинчиликка дуч келмоқда. Жаҳон хом нефти ва суюлтирилган табиий газининг бешдан бир қисми ўтадиган Ҳормуз бўғози АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддиятлар ортидан ёпиб қўйилган.

Мазруийнинг таъкидлашича, бўғоздаги чекловлар туфайли БААнинг гуруҳдан чиқиши бозорга жуда катта таъсир кўрсатмайди. БАА OPEC+ таркибидаги тўртинчи йирик ишлаб чиқарувчи эди. Урушгача бу гуруҳ дунё нефтининг қарийб ярмини назорат қилган.

Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, OPEC+ нинг жаҳон нефть ишлаб чиқаришидаги улуши февралдаги 48 фоиздан март ойида 44 фоизга тушган. Апрелда бу кўрсаткич янада пасайиши кутилмоқда.

БАА минтақадаги муҳим бизнес маркази ва АҚШнинг асосий иттифоқчиларидан бири ҳисобланади. Мамлакат сўнгги вақтларда АҚШ ва Исроил билан муносабатларини янада мустаҳкамлаган. БАА Исроил билан алоқаларни минтақавий таъсир кучи ва Вашингтон билан мулоқот учун муҳим восита деб билади.

Трамп учун ғалаба

БААнинг ташкилотни тарк этиши АҚШ президенти Дональд Трамп учун ғалаба сифатида кўрилмоқда. Трамп 2018 йилда БМТ Бош ассамблеясида сўзлаган нутқида OPEC’ни нефть нархини сунъий ошириб, дунёнинг қолган қисмини “шилаётганликда” айблаган.

Трамп, шунингдек, АҚШнинг ҳарбий ёрдамини нефть нархларига боғлаб, Форс кўрфази давлатларини Вашингтон ҳимоясидан фойдаланиб юқори нархлар орқали эксплуатация қилишда айблаган.

БААнинг бу қарори мамлакат президенти маслаҳатчиси Анвар Гаргашнинг танқидий чиқишидан сўнг янгради. У 27 апрель куни Форс кўрфази давлатларининг Эрон ҳужумларига қайтарган жавобини танқид қилганди.

Ҳозирда дунёда нефть ишлаб чиқариш бўйича ортиқча қувватлар тарихий минимал даражада. Ташкилотдан чиқиш БААга ўзининг арзон ва экологик тоза нефть ресурсларидан тўлиқ фойдаланиш имконини беради. Мазруийнинг сўзларига кўра, дунёнинг энергияга бўлган эҳтиёжи ортиб бормоқда ва БАА бу эҳтиёжни қондиришга тайёр.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар