Соғлом бўлиш учун яхши уйқу зарур. Уйқуга кетиш жараёнини енгиллаштириш ва уйқу сифатини яхшилашга киви ёрдам бериши мумкин.
Яқинда ўтказилган тадқиқотларга кўра, иштирокчилар тўрт ҳафта давомида ҳар кеча уйқуга ётишдан бир соат олдин иккитадан киви истеъмол қилган ва натижалар ҳайратланарли бўлган: улар тезроқ уйқуга кетиб, уйқу давомийлиги ошган.

Спортчилар иштирокида ўтказилган бошқа бир тадқиқот ҳам худди шундай натижаларни берган. Уйқудан бир соат олдин иккита киви истеъмол қилиш натижасида иштирокчилар уйқу давомийлиги узайганини, тунда камроқ уйғонишганини ва уйқулари сезиларли даражада осойишта бўлганини қайд этган.
Бу тадқиқотларни тасдиқлаш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказиш зарур, бироқ ҳозирги натижалар умид уйғотади: киви уйқуга кетишимизга ёрдам бериши мумкин.
![]()
Киви таркибида “уйқу гормони” — мелатонин ишлаб чиқариладиган серотонин моддаси бор. Серотонин нафақат яхши кайфият, балки хотиржамлик учун ҳам масъул – бу эса айнан уйқу олдидан бизга керак бўладиган ҳолат. Бундан ташқари, киви таркибида фолат кислотаси (B гуруҳи витамини) бор, унинг организмдаги паст миқдори кўпинча уйқу билан боғлиқ муаммоларга сабаб бўлади.
Яна бир афзаллиги – антиоксидантларнинг, айниқса, C ва E витаминларининг кўплигидир. Оксидланиш стресси кўпинча уйқу бузилиши билан боғлиқ бўлади, кивининг антиоксидант хусусиятлари эса бу стрессни камайтиришга ёрдам бериши мумкин.
![]()
Мева уйқуга ижобий таъсир кўрсатиши учун унинг миқдори ва истеъмол вақти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Тадқиқотларга кўра, уйқудан тахминан бир соат олдин иккита киви ейиш – энг мақбул вариант. Бу вақт оралиғи организмга озуқа моддаларини ўзлаштириш учун етарли имкон беради.
Бироқ киви ҳаммага ҳам тўғри келавермайди. Мева таркибида табиий шакар бор, шунинг учун шакар истеъмолини онгли равишда, айниқса, кечқурун назорат қилмоқчи бўлганлар эҳтиёт бўлишлари лозим. Бундан ташқари, ушбу мевага аллергияси бор кишиларга уйқуга кетишнинг бу усули тўғри келмайди








