Агар ётоқхона ҳаддан ташқари иссиқ бўлса, уйқуга кетиш қийинлашади, чуқур уйқу ва туш кўриш босқичларининг давомийлиги эса қисқаради. Аммо кондиционер бўлмаса, нима қилиш керак? Сомнолог Роман Бузунов бу борада бир нечта усуллар ҳақида сўзлаб берди.
Биринчидан, хонани қизиб кетишдан ҳимоя қилинг. Қуёш қаттиқ қиздира бошлашидан аввал деразаларни ёпиб, пардаларни тушириб қўйинг — шунда ётоқхонада ҳарорат пастроқ бўлади. Иккинчидан, сув мувозанатини сақланг. Кун давомида сув ичиб юринг — бу сувсизланишнинг олдини олишга ва тана ҳароратини бир оз пасайтиришга ёрдам беради. Учинчидан, уйқу учун тўғри матоларни танланг. Ҳавони яхши ўтказадиган табиий матолардан тикилган кенг кийимлар ва чойшабларни афзал кўринг. Жазирама иссиқда деярли кийимсиз ухлаш ҳам мумкин, бу табиий ҳол.

Тўртинчидан, совитувчи воситалардан фойдаланинг, дея қўшимча қилди Роман Бузунов. Унинг сўзларига кўра, гел билан тўлдирилган ёстиқ ва матраслар уйқу пайтида салқинликни сақлашга ёрдам беради. Шунингдек, чойшабларни “музлатиб” кўриш ҳам мумкин.
Чойшаб ва ёстиқни (ортиқча намлик йиғмаслиги учун) полиэтилен пакетга солиб, бир неча соатга музлаткичга қўйиш мумкин. Кўз учун ниқобни ҳам шу тарзда совитиш мумкин. Яна бир усул — совитилган чойшабларни вақтинчалик парда сифатида осиб қўйиш, дея маслаҳат берди Роман Бузунов.

Бешинчидан, уйқу олдидан жисмоний машқлар билан шуғулланманг. Сомнологнинг тушунтиришича, жисмоний фаоллик тана ҳароратини оширади, шунинг учун машғулотларни уйқуга ётишдан камида 2 соат олдин якунлаган маъқул — шунда организм совишга улгуради. Олтинчидан, кечки таомномангизга эътиборли бўлинг.
Уйқу олдидан спиртли ичимликлар, оғир овқат, шунингдек, иссиқ ва аччиқ таомлардан сақланинг. Хусусан, спиртли ичимликлар сувсизланишни кучайтиради, бу эса уйқу сифатини ёмонлаштиради, дея эслатиб ўтди Роман Бузунов.








