Daryo

“Нишонлар белгилаб олинди”. Исроил вазири Эронга қарши ҳужум бошлаш учун АҚШдан рухсат кутилаётганини айтди

Мудофаа вазири Хоманаий сулоласи ва “террорчи режим” раҳбариятининг барча ворислари бутунлай йўқ қилинишини билдирди.

2 дақиқа ўқиш6 558 кўришлар0 изоҳ2

Исроил мудофаа вазири Исроил Кац 23 апрель куни мамлакат Эронга қарши жанговар ҳаракатларни давом эттиришга тайёрлигини ва нишонлар белгилаб олинганини айтди. Бу ҳадқа The Times of Israel хабар берди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Исроил Эроннинг янги олий раҳнамоси Можтаба Хоманаий ва энергетика объектларини нишонга олиш учун АҚШдан “яшил чироқ” — рухсат кутмоқда.

“ЦАХАЛ ҳам мудофаа, ҳам ҳужумга шай”

“Исроил Эронга қарши урушни давом эттиришга тайёр. Исроил армияси (ЦАХАЛ) мудофаа ва ҳужумга шай ҳолатда, нишонлар эса белгилаб олинган”, деди Кац.

Унинг таъкидлашича, Исроил биринчи навбатда АҚШнинг рухсатини кутмоқда. Бу рухсат Исроилни йўқ қилиш режасининг ташаббускори бўлган Хоманаий сулоласини ва Эрон “террорчи режими” раҳбариятининг барча ворисларини бутунлай йўқ қилиш учун зарурдир.

“Эрон тош даврига қайтарилади”

Кац Исроилнинг кейинги режалари ҳақида гапирар экан, Эронни “зулмат ва тош даврига” қайтаришга ваъда берди. Бунинг учун марказий энергетика ва электр иншоотларини портлатиш ҳамда миллий иқтисодий инфратузилмани парчалаб ташлаш режалаштирилганини айтди.

“Бу галги ҳужум аввалгиларидан фарқ қилади ва ҳалокатли бўлади. Эрон террорчи режими ҳозиргача учрамаган зарбаларга дуч келади. Мамлакатнинг энг оғриқли нуқталарига пойдеворни силкитадиган ва қулатадиган зарбалар берилади”, дея қўшимча қилди мудофаа вазири.

Вазирнинг фикрича, Эрон ҳозирда жуда оғир аҳволда бўлиб, унинг раҳбарияти туннелларда яшириниб юрибди.

“Шунга қарамай, улар ғалаба қозонаётганини эълон қилмоқда. Ливандаги ‘Ҳизбуллоҳ’ ва Ғазодаги ҲАМАС каби, Эрон режими ҳам аҳоли тўлаётган оғир бадал ҳақида қайғурмайди. Улар фақат ўзлари омон қолишини ўйлайди, лекин бу ҳам кафолатланмаган”, деди Исроил Кац.

Эронга қарши уруш

АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эрон Ислом Республикасига қарши уруш бошлади. Урушнинг дастлабки кунларида Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди. Эронга бунга жавобан Исроил ва Яқин Шарқда жойлашган Америка ҳарбий базаларига ҳужум қилди.

Томонлар апрель ойи бошида 14 кунлик оташкесимга эришди. Сўнг 22 апрель куни ўт очишни тўхтатиш узайтирилди. Бугун, 23 апрель куни эса АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳормуз бўғозида мина ўрнатаётган ҳар қандай кема ёки қайиқни йўқ қилишга буйруқ берди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар