Жазоирнинг собиқ саноат вазири Али Аун коррупцияда айбдор деб топилиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Аун 2022-2024 йилларда саноат ва фармацевтика ишлаб чиқариш вазири бўлган. У бир нечта юқори мартабали амалдорлар судланган шов-шувли коррупция иши доирасида қамоққа олинган. Прокурорлар собиқ вазир учун 12 йил, бошқа айбланувчилар учун эса 10 йилгача қамоқ жазосини сўраган. Жазоирдаги иқтисодий ва молиявий жиноятлар бўйича суд Аунга 1 миллион Жазоир динори (тахминан 7,5 минг доллар) миқдорида жарима ҳам тайинлаган.
“Жиноий иш коррупция, нотўғри бошқарув, саноат ва инвестиция шартномаларини ноқонуний имзолаш, хусусан, қора металл ва мис қолдиқлари савдоси билан боғлиқ айбловларга қаратилган”, дейилади хабарда.
Яна бир қатор амалдорлар ҳам ушбу иш бўйича судланган, айримлари эса далиллар етарли эмаслиги сабаб оқланган. Судланганлар орасида собиқ вазирнинг ўғли Меҳди Аун ҳам бор, у олти йилга қамалди. Шунингдек, инвесторлар, давлат корхонаси вакили ва йирик тадбиркорлар 3 йилдан 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Ушбу суд жараёни 2019 йилда ҳокимиятга келган президент Абделмажид Теббун томонидан бошланган коррупцияга қарши кураш кампаниясининг бир қисмидир. Теббун маъмурияти давлат аппаратини тозалаш мақсадида собиқ президент Абделазиз Бутефлика даври ва ундан кейинги юқори лавозимли амалдорларга нисбатан қатор суриштирувларни олиб бормоқда.
Жазоирнинг коррупцияни қабул қилиш рейтингидаги ўрни
Мамлакат 2025 йилги коррупцияни қабул қилиш халқаро рейтингида 182 та давлат орасида 109-ўринни эгаллаган эди. 100 баллик индекс бўйича Жазоир 34 балл тўплаган. Бунда 0 — коррупциянинг ўта юқори даражаси, 100 эса ўта паст даражасини англатади.
2025 йилда коррупция бўйича ўртача жаҳон кўрсаткичи 42 баллни ташкил этган, бу сўнгги ўн йилдан ортиқ даврдаги энг паст натижа ҳисобланади. Дунё мамлакатларининг учдан икки қисмидан кўпроғи 50 баллдан кам натижа кўрсатган, 80 баллдан юқори балл олган давлатлар сони эса ўн йил ичида 12 тадан 5 тагача камайган. Ўзбекистон рейтингда уч поғона пастлаб, 124-ўринни эгаллаган эди.








