Daryo

Apple Тим Кук ўрнига янги бош ижрочи директор тайинлади

Аппарат муҳандислиги бўлими раҳбари бўлиб ишлаётган ва Apple’да 25 йиллик тажрибага эга Жон Тернус ушбу вазифага 1 сентябрдан киришади. Тим Кук эса компания ижрочи раиси лавозимига ўтади.

3 дақиқа ўқиш3 241 кўришлар0 изоҳ4

Apple компанияси Тим Кукнинг ўрнига Жон Тернус янги бош ижрочи директор (CEO) этиб тайинланганини эълон қилди. Тим Кук технология гигантини 15 йил бошқарганидан сўнг ўз лавозимини тарк этмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Ҳозирда аппарат муҳандислиги бўлими раҳбари бўлиб ишлаётган ва Apple’да 25 йиллик тажрибага эга Жон Тернус ўз вазифасига 1 сентябрдан киришади. Тим Кук эса компания ижрочи раиси лавозимига ўтади.

Тим Кук 2011 йилда компания асосчиси Стив Жобс соғлиғи сабабли истеъфога чиққанидан сўнг (вафотидан бир оз аввал) бошқарувни қўлга олган эди. Кук ёз бўйи бош директор лавозимида қолиб, Тернусга ишларни топширишда кўмаклашади. Шундан сўнг у компаниянинг айрим масалалари, жумладан, бутун дунё бўйлаб сиёсатчилар билан мулоқот қилишда ёрдам беради.

Кукнинг кетиш ҳақидаги қарори Apple узоқ вақтдан бери ўзига ворис қидираётгани ҳақидаги миш-мишлар фонида янгради. У бу лавозимда ишлашни ҳаётидаги энг буюк шараф деб атади.

Молиявий муваффақиятлар ва янги раҳбар

Тим Кук даврида Apple дунёдаги энг қиммат компаниялардан бирига айланди, 2018 йилда Apple қиймати 1 триллион долларга етган илк компания бўлди. Ҳозирги кунда компания қиймати 4 триллион долларни ташкил этмоқда.

Кук Тернусни “муҳандисдек тафаккур юритувчи, инноватор қалбига эга ҳамда ҳалоллик ва шараф билан етакчилик қилувчи истиқболли раҳбар” дея таърифлади. Тернус 2025 йилда Apple операцион директори Жефф Уильямс компанияни тарк этганидан сўнг асосий номзодга айланган эди.

Жон Тернус: 25 йиллик тажриба

Тернус Apple’даги фаолияти давомида деярли барча муҳим маҳсулотлар устида ишлаган. Жумладан:

  • iPad’нинг барча авлодлари;
  • iPhone’нинг кўплаб моделлари;
  • AirPods ва Apple Watch’нинг чиқарилиши;
  • Маc компьютерларини Apple’нинг ўз процессорларига (силикон) ўтказиш жараёни.

Тернус ўз вақтида Стив Жобс қўл остида ҳам ишлаган. 20 апрель кунги баёнотида у Кукни ўзининг устози деб атади ва келажакка катта ишонч билан қараётганини билдирди.

Нима учун айнан Тернус?

Экспертларнинг фикрича, маҳсулот ва аппарат таъминоти бўйича мутахассиснинг раҳбар бўлиши Apple’га нисбатан “инновациялар тўхтаб қолди” деган танқидларга чек қўйиши мумкин.

Кук даврида фойда 4 баравар ошган бўлса-да, маҳсулотлар линияси асосан бир хил бўлиб қолди. Forrester таҳлилчиси Дипанжан Чаттержи Кук келтирган молиявий барқарорликни мақтади. Бироқ у iPhone каби инқилобий маҳсулот ярата олмаганини қайд этди. Apple ҳали ҳам тузилмавий жиҳатдан телефонга боғланиб қолган.

BBC’нинг ёзишича, янги раҳбар билан Apple букланадиган телефонлар, ақлли кўзойнаклар ва сунъий интеллектни аппарат қисмига чуқурроқ интеграция қилиш каби йўналишларга кўпроқ эътибор қаратиши кутилмоқда.

Apple сунъий интеллект (СИ) пойгасида Google, Microsoft ва Мета каби рақибларидан ортда қолаётгани учун танқид қилинди. Шундан сўнг компания ўз операцион тизимларига OpenAI’нинг ChatGPT технологиясини бирлаштирди.

OpenAI раҳбари Сем Алтман ўзининг X саҳифасида шундай деб ёзди:

“Тим Кук — бу афсона. Мен у амалга оширган барча ишлар ва Apple учун миннатдорман”.

Кук ва Тернус ўртасидаги фарқ

Тим Кук Apple’га келганда маҳсулот яратувчиси эмас, балки IBM ва Compaq каби компанияларда ишлаган бизнес оператори эди. У логистика ва савдо кўрсаткичлари бўйича мутахассис бўлган. Жобс эса айнан янги маҳсулотлар яратиш билан машҳур эди.

Кук давридаги энг йирик лойиҳалардан бири — Apple Vision Pro гарнитураси харидорлар орасида кутилганидек оммалашмади. Шунга қарамай, у энг муваффақиятли бизнес раҳбарларидан бири сифатида тарихда қолади.

Нотр-Дам университети профессори Тимоти Хаббарднинг айтишича, асосий савол — Apple ўзининг тартиб ва назоратга асосланган кучли тизимидан тезкор тажрибалар ва инновациялар даврига ўта оладими ёки йўқ. Тернуснинг тайинланиши компаниянинг ўз илдизларига — тезкор инновациялар даврига қайтишга уриниши бўлиши мумкин.

Bloomberg нашрининг хабар беришича, Apple 2027 йил бошида бирданига учта смартфон чиқаришни режалаштирмоқда. Одатда компания баҳорда фақат битта ҳамёнбоп модель билан чекланар эди.

Келгуси йилда бу анъана ўзгаради: янгиланган iPhone Аир, арзон iPhone 18e ва стандарт iPhone 18 моделлари тақдим этилади. Тақдимот март ёки апрель ойида бўлиб ўтиши кутилмоқда, аммо унинг одатий форматда намойиш этилиши ҳозирча номаълум.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар