Daryo

Эроннинг музлатилган 100 млрд доллари: пуллар қаерда сақланмоқда ва уларнинг тақдири нима бўлади?

Ислом Республикаси иқтисоди 1979 йилдан буён АҚШ ва бошқа давлатлар санкциялари остида қолмоқда. Ушбу чекловлар Теҳронни нефть сотишдан тушган даромадларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум қилди.

2 дақиқа ўқиш20 046 кўришлар0 изоҳ7

АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушга чек қўйишга қаратилган музокараларнинг иккинчи раунди яқинлашар экан, асосий баҳс мавзуларидан бири Теҳроннинг хорижий банкларда музлатиб қўйилган активлари бўлиб қолмоқда. Мақолада ушбу маблағларнинг ҳажми ва тақдири бўйича маълумотлар тақдим этилади.

Музокаралар марказидаги шарт

Эрон иқтисоди 1979 йилдан буён АҚШ ва бошқа давлатлар томонидан жорий этилган санкциялар остида яшаб келмоқда. Дастлаб дипломатларни гаровга олиш, кейинчалик ядро ва баллистик ракета дастурлари сабабли кучайтирилган ушбу чекловлар Теҳронни нефть сотишдан тушган даромадларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум қилган.

10 апрель куни, Покистондаги музокаралар олдидан Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бағир Ғолибаф X ижтимоий тармоғида ҳар қандай мулоқот бошланишидан аввал ушбу активлар блокдан чиқарилиши шартлигини билдирди.

Исломободдаги учрашувларда Вашингтоннинг айрим маблағларни “эритиш”га рози бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалган бўлса-да, АҚШ ҳукумати буни дарҳол инкор этди. 22 апрелдаги ўт очишни тўхтатиш келишуви муддати тугаши арафасида ушбу таранглик яна юзага чиқиши кутилмоқда.

100 миллиард доллардан ортиқ маблағ: улар қаерда?

Аниқ миқдор расман эълон қилинмаган бўлса-да, экспертлар Эроннинг хориждаги музлатилган маблағларини 100 миллиард доллардан ортиққа баҳоламоқда. Бу Эроннинг углеводородлар савдосидан оладиган йиллик даромадидан қарийб тўрт баравар кўпдир.

Эрон ОАВга кўра, ушбу пуллар қуйидаги давлатларда сақланмоқда:

  • Хитойда камида 20 млрд доллар;
  • Ҳиндистонда 7 млрд доллар;
  • Ироқда қарийб 6 млрд доллар;
  • Қатарда 6 млрд доллар (Жанубий Кореядан ўтказилган, аммо АҚШ томонидан яна блокланган);
  • АҚШда тахминан 2 млрд доллар;
  • Люксембургда 1,6 млрд доллар;
  • Японияда тахминан 1,5 млрд доллар.

Ҳозирда Теҳрон ишончни тиклаш чораси сифатида камида 6 миллиард доллар маблағни зудлик билан активлаштиришни талаб қилмоқда.

Эрон активларининг музлатилиши 1979 йил ноябрь ойида, Қўшма Штатлар президенти Жимми Картер даврида бошланган. Ўшанда Теҳрондаги АҚШ элчихонасига ҳужум қилиниб, 66 нафар америкалик гаровга олинган эди. 1981 йилги Жазоир келишувидан сўнг маблағларнинг бир қисми қайтарилган.

2015 йилда Барак Обама даврида имзоланган Ядро келишуви натижасида Эрон ўз пулларидан фойдаланиш ҳуқуқини қайта қўлга киритган эди. Бироқ 2018 йилда Дональд Трамп бир томонлама тартибда ушбу битимдан чиқиб, санкцияларни ва музлатиш чораларини қайтадан жорий қилди.

2023 йилда маҳбусларни алмашиш доирасида Жанубий Кореядаги 6 миллиард доллар Қатарга ўтказилган эди, аммо Жо Байден маъмурияти Эроннинг Исроилга дрон ва ракета ҳужумидан сўнг, бу пулларни ҳам яна блоклаб қўйди.

Бу пуллар Эрон учун қанчалик муҳим?

Бугунги кунда Эрон иқтисоди чуқур инқирозни бошдан кечирмоқда. Инфляциянинг кескин ўсиши ва риёлнинг қадрсизланиши 2025 йил декабрь ва январь ойларида оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлди.

Музлатилган 100 миллиард доллар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг деярли тўртдан бир қисмига тенг. Ушбу маблағларнинг активлаштирилиши Теҳрон учун нафақат иқтисодий ёрдам, балки АҚШ босимининг пасайишини англатувчи муҳим дипломатик ғалаба бўлиши мумкин.

Бироқ таҳлилчилар Трамп маъмуриятининг кутилмаган қарорлари ва давом этаётган уруш шароитида ушбу маблағларни тўлиқ қайтариш амри маҳол эканини таъкидламоқда. АҚШ Молия вазирлиги собиқ котиби Жейкоб Люнинг сўзларига кўра, барча санкциялар бекор қилинганда ҳам, пулларнинг ярми аввалги қарзлар ва инвестицион мажбуриятлар учун ечиб олиниши мумкин.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар