УЕФАнинг Назорат, этика ва интизом қўмитаси Чемпионлар Лигаси чорак финалининг дастлабки учрашувида юз берган баҳсли вазият юзасидан “Барселона” клуби томонидан берилган норозилик аризасини кўриб чиқди ва уни қаноатлантирмади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида маълум қилинди.
Жорий йилнинг 8 апрель куни ўз майдонида Мадриднинг “Атлетико” жамоасини қабул қилган “Барселона” 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраган эди. Баҳснинг 54-дақиқасида “матрасчилар” дарвозабони Хуан Муссо тўпни ўйинга киритишда ҳимоячи Марк Пубилга узатган, Пубил эса тўпни қўли билан тўхтатиб, яна дарвозабонга қайтарган эди.
Учрашув бош ҳаками Иштван Ковач ушбу вазиятда “Атлетико” дарвозасига пенальти белгиламади, VAR ҳакамлари ҳам ўйинга аралашишни лозим топмади. Ўйиндан сўнг “Барселона” раҳбарияти ушбу ҳолат бўйича очиқ тергов ўтказишни ва ҳакамлик хатосини расман тан олишни талаб қилиб чиқди.
“2026 йил 8 апрель, чоршанба куни бўлиб ўтган ‘Барселона’ ва ‘Атлетико Мадрид’ жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг, мезбонлар ҳакам қарори юзасидан норозилик билдиришган эди. 13 апрель куни УЕФАнинг интизом органи ушбу шикоятни кўриб чиқиш учун асослар етарли эмас деб топди ва уни рад этди”, дейилади УЕФА баёнотида.
Маълумот учун, “Барселона” ва “Атлетико” ўртасидаги жавоб учрашуви бугун, 14 апрель оқшомида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан 00:00 да бошланади.








