УЕФА раҳбарияти Чемпионлар Лигаси чорак финалидан ўрин олган “Барселона” ва “Атлетико Мадрид” жамоалари ўртасидаги баҳсни бошқарган Иштван Ковачни жорий мавсумдаги бошқа ўйинлардан четлатишга қарор қилди. Бу ҳақда Sport.es нашри хабар бермоқда.
Чоршанба, 8 апрель куни Барселонада ўтган ва меҳмонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган ўйиндан сўнг, Каталония клуби ҳакамлик устидан УЕФАга расмий шикоят киритди. Баҳснинг 54-дақиқасида юз берган ғалати вазият асосий эътирозга сабаб бўлди: “Атлетико” дарвозабони Хуан Муссо тўпни ҳимоячи Марк Пубилга тепиб берди, ҳимоячи эса тўпни қўли билан тўхтатиб, яна дарвозабонга қайтарди. Ковач бу вазиятда пенальти белгиламади, VAR ҳакамлари эса жараёнга аралашмади.
Ўйин давомида йўл қўйилган кўплаб хатолар туфайли УЕФА руминиялик ҳакамини турнирнинг қолган 9 та учрашувига (жавоб ўйинлари, ярим финаллар ва финал) тайинламаслик бўйича қарор қабул қилди.
Шунга қарамай, Иштван Ковач FIFA томонидан эълон қилинган ва 2026-йили АҚШ, Мексика ҳамда Канадада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатини бошқарадиган 52 нафар ҳакамлар рўйхатидан жой олган.








