Хитойда келиб чиқиши лаослик бўлган 62 ёшли француз Чан Тао Фуми қатл этилди. Бу ҳақда Франция Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
У 2010 йилда метамфетамин тайёрлаш, контрабанда қилиш ва сотишда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган. Франция ҳукумати уни гуманитар сабабларга кўра афв этишни сўраган, бироқ бу уринишлар самара бермаган. Ўлим ҳукми Гуанчжоу шаҳрида ижро этилган.
Франция ҳукумати “Чаннинг адвокати сўнгги суд мажлисига кира олмаганидан афсусда эканини” таъкидлади ва буни “унинг ҳуқуқларини поймол этиш” деб баҳолади. Шунингдек, Париж ўлим жазосига қарши эканини яна бир бор таъкидлаб, уни бутун дунё бўйлаб бекор қилишга чақирди.
Чан Тао Фуми 2005 йилда ҳибсга олингач, дастлаб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бироқ ишда “янги ҳолатлар” аниқлангач, ҳукм қайта кўриб чиқилган. Айбловга кўра, у 1999–2003 йилларда Хитойда тонналаб метамфетамин ишлаб чиқарган тармоқ таркибида бўлган.
Amnesty International ташкилотининг 2024 йилдаги ҳисоботига кўра, Хитой ҳар йили минглаб одамларни ўлимга ҳукм қилувчи ва бу борада дунёда “етакчи” бўлган давлат бўлиб қолмоқда.








