Хитой раҳбари Си Цзиньпин Ғазо секторида яшовчи фаластинликлар учун 100 млн доллар миқдорда инсонпарварлик ёрдами ажратишини маълум қилди. Маблағлар анклавда ҳукм сураётган оғир гуманитар инқирозни юмшатиш ҳамда вайрон бўлган инфратузилмани қайта тиклаш учун ишлатилади.
Си Цзиньпиннинг ушбу баёноти бугун, 4 декабрь куни Франция президенти билан ўтказилган учрашувдан сўнг қўшма матбуот анжуманида янгради. У, шунингдек, Хитой фаластинликлар учун ёрдамни зудлик билан етказишни мақсад қилганини таъкидлади.
“Пекин Фаластин халқининг адолатли ва қонуний ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашда давом этади. Шунингдек, Ғазода ўт очишни тўхтатиш, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва халқаро гуманитар ҳуқуққа амал қилинишини талаб қилади”, деган хитойликлар етакчиси.
Франция президенти Макрон ҳам хитойлик ҳамкасбининг ушбу қарорини олқишлаб, Ғазо бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни кучайтириш лозимлигини таъкидлади. У, шунингдек, минтақада барқарор тинчликка эришиш учун “икки давлатли ечимдан бошқа йўл йўқлигини” қўшимча қилди.
Қўшма Штатлар халқаро гуманитар ташкилотларга ёрдамни сезиларли даражада қисқартирган бир вақтда, Пекин ҳосил бўлган бўшлиқни тўлдиришга уриняпти. Жумладан, Хитой ҳукумати сўнгги ойлар давомида Яқин Шарқ бўйича фаоллигини ошириб, Ғазо аҳолиси учун шошилинч ёрдам кўрсатишга чақирмоқда. 100 миллион долларлик мазкур пакет ҳозирча Хитойнинг минтақага йўналтирилган энг йирик ёрдам ташаббусларидан бири бўлиб турибди.








