Италиянинг энг хавфли қидирувдаги мафия етакчиларидан бири Роберто Маззарелла ҳибсга олинди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Маззарелла бир йилдан ортиқ вақт давомида полициядан қочиб юрган. У “Каморра” уюшган жиноий гуруҳининг машҳур Маззарелла кланига раҳбарлик қилган. Мафиоз 3 апрель куни кечқурун Амалфи қирғоғида 1000 евролик (бир кечаси)ҳашаматли виллада рафиқаси ва икки фарзанди билан бўлган пайтда қўлга олинган. Полиция у “қўлга олишга қаршилик кўрсатмаганини” маълум қилди.
Маззарелла Италия Ички ишлар вазирлигининг энг хавфли қидирувдагилар рўйхатида тўртинчи ўринда турган. 48 ёшли эркак 2025 йил 28 январдан бери қидирувда эди. У 2000-йилда Антонио Маёне қотиллигида айбланган. Маёненинг укаси Иван эса 1995-йилда Маззарелланинг отаси Салваторени ўлдирганини тан олган.
Мафиозни қўлга олиш операциясида Карабинери тергов бўлинмаси, Италия ҳарбий-ҳаво кучлари ҳамда Салерно қирғоқ қўриқлаш хизмати иштирок этиб, атрофдаги сув ҳудудларини назорат қилган.
Рейд давомида 20 минг евро нақд пул, учта қимматбаҳо соат, шунингдек мобил телефонлар ва сохта шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар топилган. Маззарелла оиласи Неаполда контрабанда ва гиёҳванд моддалар савдосининг катта қисмини назорат қилади. Шунингдек, улар Милан ва Италия шимолида қалбакилаштириш ҳамда даромадларни легаллаштириш билан шуғулланади.
Унинг қўлга олиниши сиёсатчилар томонидан олқишланди. Европа парламенти вице-президенти Пина Пичерно бу воқеани “давлатнинг буюк ғалабаси ва мафияга қарши курашда аниқ сигнал” деб баҳолади.








