Яқин Шарқдаги можаро энергетика бозорида беқарорликни кучайтираётган бир вақтда дунёнинг учинчи энг йирик нефть импортчиси ҳамда истеъмолчиси ҳисобланган Ҳиндистон Эрондан қора олтин харид қилди. Бу ҳақда мамлакат нефть вазирлигига таяниб Al Jazeera телеканали маълум қилди.
Маълум бўлишича, ҳиндлар сўнгги етти йилдан бери илк бор Эрон нефтини харид қилмоқда. Мамлакат 2019 йили АҚШ босими сабаб Теҳрон билан энергетика борасида ҳамкорликни тўхтатган эди. Аммо Ҳормуз бўғозининг ёпилиши вазиятни ўзгартирди.
“Яқин Шарқдан таъминот узилиши билан боғлиқ шароитда Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш корхоналари ўз эҳтиёжлари учун хом ашёни Эрондан ҳам, бошқа давлатлардан ҳам сотиб олиши мумкин. Тўлов билан боғлиқ ҳеч қандай тўсиқ йўқ”, дейилади вазирлик баёнотида.
Аввалроқ Қўшма Штатлар энергетика бозорида нархларни барқарорлаштириш учун танкерларга ортилган Эрон нефтига қўйилган барча санкцияларни вақтинча бекор қилганди. Ҳинд расмийларига кўра, мамлакат яқин ойлар учун зарур бўлган хом нефть захирасини тўлиқ шакллантириб бўлган.
“Ҳиндистон 40 дан ортиқ давлатдан нефть импорт қилади, компаниялар эса тижорий манфаатлардан келиб чиқиб турли манбалар ва ҳудудлардан нефть сотиб олишда тўлиқ эркинликка эга”, деб қўшимча қилинади баёнотда.
Ҳинд корхоналари, бундан ташқари, Эрондан 44 минг тонна суюлтирилган газ ҳам харид қилган. Вазирлик маълумотларига кўра, улар март ойи бошида мамлакатнинг ғарбий қисмидаги Мангалор портига етиб келган.








