УЕФА президенти Александер Чеферин Италия спорт инфратузилмаси етарли даражада ривожланмагани сабабли 2032-йилги Европа чемпионатини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Gazzetta dello Sport нашри хабар бермоқда.
Евро-2032 мусобақаси Италия ва Туркия майдонларида ўтказилиши режалаштирилган. Бироқ УЕФА раҳбари ташкилот талабларига жавоб бермайдиган стадионлар масаласига жиддий эътироз билдирди.
“Менимча, италиялик сиёсатчилар нега мамлакатда Европадаги энг ёмон футбол инфратузилмаларидан бири эканлиги ҳақида ўйлаб кўришлари керакдир. Европа чемпионати ўтказилиши белгиланган ва у бўлиб ўтади. Умид қиламанки, инфратузилма тайёр бўлади. Акс ҳолда, турнир Италияда ўтказилмайди”, дея таъкидлади Чеферин.
УЕФА раҳбарининг сўзларига кўра, Италия футболидаги энг катта муаммо — футбол сиёсати ва “оддий” сиёсат ўртасидаги муносабатлардир. У агар барча томонлар ҳамжиҳатликда ишласа, Италия яна жаҳон ва Европа чемпионига айланишига ишонишини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, Евро-2032 ўйинлари ўтказиладиган стадионларнинг якуний рўйхатини тақдим этиш муддати 2026-йилнинг октябрига қадар белгиланган. Аввалроқ, Миландаги машҳур “Сан-Сиро” аренаси УЕФА талабларига жавоб бермаслиги ва ҳатто тўлиқ реконструкциядан сўнг ҳам турнир ўйинларини қабул қила олмаслиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маълумот учун, яқиндагина Италия терма жамоаси ЖЧ-2026 саралашининг ўтиш турнири финалида Босния ва Герсеговинага пенальтилар сериясида имкониятни бой бериб, кетма-кет учинчи бор Жаҳон чемпионатисиз қолди.








