АҚШ президенти Дональд Трамп яқин икки-уч ҳафта ичида Эронга “ўта қаттиқ” зарбалар берилишини айтди. У бу ҳақда 1 апрель куни халққа қилган мурожаатида маълум қилди.
Трампнинг сўзларига кўра, қақшатқич зарбалар Эронни тош асрига қайтаради.
“Биз яқин икки-уч ҳафта ичида уларга ўта қаттиқ зарба бермоқчимиз. Уларни ўзлари тегишли бўлган тош даврига қайтармоқчимиз”, деди АҚШ раҳбари.
У уруш бўйича халққа қилган 20 дақиқалик мурожаатида таниш нутқларини такрорлади. Хусусан, америкаликларга уруш “тугашига оз қолганини” айтди ва АҚШ ҳарбий жавобни кучайтиришга тайёрлигини билдирди.
Трамп сўнгги ҳафталарда эришилган ҳарбий ютуқларга тўхталиб, бомбардимонларни “камдан-кам учрайдиган ғалабалар” деб атади. Шунингдек, урушни америкаликлар келажаги учун “инвестиция” деб таърифлаб, сабрли бўлишга чақирди.
“Ушбу асосий стратегик мақсадларимиз якунланиш арафасида эканини мамнуният билан айтмоқчиман”, деди Трамп.
Аввалроқ АҚШ президенти журналистлар билан суҳбатда уруш “икки-уч ҳафта ичида” тугашини маʻлум қилганди. У Ҳормуз бўғози АҚШнинг муаммоси эмаслигини айтиб, Эрон билан келишувга эришилмаган тақдирда ҳам можаро якунланишини таʻкидлаганди.








