Халқаро футбол федерациялари ассоциацияси FIFA миллий терма жамоаларнинг янгилаган рейтингини эълон қилди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 1465,34 очко билан аввалги ойга нисбатан икки поғона юқорилади. Жамоа айни вақтда 50-ўринни эгаллаб турибди.
Фабио Каннаваро бошчилигидаги “оқ бўрилар” март ойидаги FIFA кунлари доирасида Габон терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди, Венесуэла билан дуранг ўйнади.
Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоаси Осиёнинг энг кучли беш жамоаси қаторидан жой олган. Ундан юқори ўринларда Япония (1660,43), Эрон (1615,30), Жанубий Корея (1588,66) ва Австралия (1580,67) қайд этилган.
“Оқ бўрилар”нинг 2026-йилги Жаҳон чемпионати “К” гуруҳидаги рақибларининг ҳам рейтингдаги ўринлари ўзгарди. Португалия 1763,83 очко билан 5-поғонага кўтарилган бўлса, Колумбия (1693,09) 13-ўринда қайд этилган. Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиққан Конго Демократик Республикаси 1478,35 очко билан 46-ўринга кўтарилди.
Маълумот учун, ҳозирда FIFA рейтингида Франция етакчилик қилмоқда. Дидье Дешам бошқарувидаги жамоа Аргентина ва Испанияни ортда қолдириб, 1-ўринга кўтарилди — 1877,32 очко. Амалдаги Европа чемпиони Испания ҳисобида 1876,40 очко мавжуд. Амалдаги Жаҳон чемпиони Аргентина 1874,81 очко билан кучли учликни якунлаб берган.








