Daryo

Қодиров Чеченистонда фавқулодда ҳолат эълон қилди

Минтақада кучли ёғингарчилик сабаб сув тошқинлари, кўчкилар, уйларни сув босиши ҳолатлари кузатилмоқда. Минглаб одам бошқа ҳудудларга эвакуация қилинган.

1 дақиқа ўқиш19 299 кўришлар0 изоҳ4

Чеченистонда кучли ёғингарчилик туфайли фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди. Тегишли фармойишни 29 март куни Рамзан Қодиров имзолади.

Кучли ёғингарчилик оқибатида электр таъминотида узилишлар юзага келган, кўприклар деформацияга учраган, сув тошқинлари, кўчкилар ва тош қулаш ҳолатлари қайд этилган. 27 мартдан бери биргина Шали туманининг ўзида 1262 та уй, Гудермес туманида эса 748 та уй сув остида қолган.

29 март куни кечқурун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари 557 та уйдан сувни чиқариб ташлаган. Чеченистон ҳукумати раҳбари ўринбосари Аҳмад Дудаевга кўра, қарийб 30 та йўл ва битта дамбани сув ювиб кетган, шунингдек, 17 та кўприк, 5 та газ қувури ва 6 та трансформатор шикастланган.

Грозний ва Шали шаҳарларининг айрим ҳудудлари, шунингдек, Надтеречний ва Ножай-Юрт туманларининг бир қисми ҳали ҳам электр таъминотисиз қолмоқда. Гудермес туманидаги Кундухово посёлкаси ва Брагун қишлоғидан 1109 киши эвакуация қилинган. Аҳоли пунктлари узоқ давом этган ёмғирлар ва дарёларда сув сатҳининг кўтарилиши сабаб сув остида қолган.

Кучли ёғингарчилик бутун Шимолий Кавказга таъсир қилди

Шимолий Кавказда 27 март куни кучли ёғингарчилик бошланди. Бунда Доғистон энг кўп зарар кўрди, жумладан, Махачқалъада бир суткада 50 миллиметрдан ортиқ ёғингарчилик кузатилди, бу 100 йилдан ортиқ вақт ичида рекорд бўлди.

Сув тошқинлари туфайли Доғистонда 500 мингдан ортиқ одам чироқсиз қолди. Сув босган ҳудудлардан 3338 киши, жумладан, 1033 нафар бола эвакуация қилинди.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар