Daryo

Қодиров чеченларни урушга юборгиси келмаяпти — The Economist

Чеченистон раҳбари урушни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги оммавий баёнотларига қарамай, аслида Кремльга қўшилмаслиги маълум қилинди. Қодировга яқин бўлган манба чеченлардан жанг майдонида ўзини фаолдай кўрсатиш буюрилганини айтди.

1 дақиқа ўқиш11 282 кўришлар0 изоҳ0

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров урушни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги оммавий баёнотларига қарамай, аслида Кремльнинг Украинадаги манфаатларига қўшилмайди. Бу ҳақда The Economist хабар берди.

“Москванинг Украина бўйича манфаатлари қандай бўлишидан қатъий назар, биз улардан жуда йироқмиз”, деди нашрга аноним манба.

The Economist ушбу манбани республика раҳбарияти билан яқин алоқада бўлган таниқли чечен деб таърифлаган. У Қодиров аслида вазиятни жуда яхши тушуниши ва “рус дунёси” учун ўз одамларини қурбон қилиш истагида эмаслигини таъкидлади.

Қодиров апрель ойида Чеченистондан 70 мингдан ортиқ киши, яъни республикадаги эркакларнинг 9 фоизи фронтга кетганини айтганди. Бироқ йўқотишлар сони умуман бошқа манзарани кўрсатмоқда: “Медиазона” ва BBC’нинг ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар ҳақидаги сўнгги ҳисоботида 236 минг кишидан атиги 540 нафарини чеченистонликлар ташкил этган. Бу бор-йўғи 0,2 фоизга тенгдир. Ваҳоланки, Чеченистон аҳолисининг Россия аҳолисидаги улуши 1,1 фоизни (яъни 5 баробар кўпроқни) ташкил этади.

Бир ой олдин Қодиров яна бир бор чечен махсус кучлари энг мураккаб вазифаларни бажариш иштиёқи билан ёнаётганини айтган эди. Бироқ амалда ижтимоий тармоқлардаги юқори фаоллиги учун “тик-ток қўшинлари” деб аталадиган “Аҳмат” жангчилари кўпинча фронт чизиғидан узоқда бўлади.

“Улар ўзларини жанговар ҳаракатларда иштирок этаётгандек кўрсатади, аммо улар ҳаддан ташқари ҳаракат қилмаслик ва ўзларини эҳтиёт қилиш ҳақида буйруқ олган”, дейди Чеченистон раҳбариятига яқин манба.

Қодиров Чеченистоннинг асосий аҳолисини мажбурий сафарбарликдан ҳимоя қилишга муваффақ бўлган. Бундай ёндашув унга “миллат отаси” обрўсини мустаҳкамлаш имконини беради. Агар ундан фронтга кимнидир жўнатишни талаб этишса, у буни ўзи номақбул деб ҳисоблаган одамлар: гомосексуаллар, спиртли ичимликларга қарам одамлар ёки чечен мухолифатчиларининг қариндошлари ҳисобига амалга ошириши мумкин.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар