Эрон Қатарнинг Рас Лаффан саноат шаҳридаги энг йирик газ иншоотига зарба бериб, объектга катта зарар етказди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
QatarEnergy компанияси завод ишчилари орасида қурбонлар йўқлигини маълум қилди. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги воқеа жойидаги ёнғин назорат остига олинганини айтди.
Заводга ҳужум Исроилнинг Эрондаги “Жанубий Парс” газ иншоотига берган зарбаларига жавоб сифатида амалга оширилган. Эрон ҳужумдан олдин Қатардаги “Месаид” нефть-кимё мажмуаси, “Месаид” холдинг компанияси ва “Рас Лаффан” нефтни қайта ишлаш заводи, Саудия Арабистонидаги “Самреф” нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда “Жубайл” нефть-кимё мажмуаси, шунингдек БААдаги Ал-Ҳусн газ конига зарба берилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Эрон ҳужумига жавобан унинг элчихонаси ҳарбийлари ва хавфсизлик хизмати ходимларини персона нон грата деб эълон қилди. ТИВ улардан 24 соат ичида Қатарни тарк этишни талаб қилди. Бу қарор Эроннинг такрорий ҳужумларига жавобан қабул қилингани таъкидланди.
“Қатар ушбу ҳужумни хавфли эскалация, ўз суверенитетининг қўпол равишда бузилиши ва миллий хавфсизликка тўғридан-тўғри таҳдид сифатида кўради”, дейилади ТИВ баёнотида.
Саудия Арабистони Мудофаа вазирлигига кўра, 18 март куни мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Ар-Риёд йўналишида учирилган 4 та баллистик ракетани ва шарқий ҳудудларга йўналтирилган яна 2 та ракетани тутиб олган. БАА Мудофаа вазирлиги эса Эрондан учирилган 13 та баллистик ракета ва 27 та дрон зарарсизлантирилганини маълум қилди.








