Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ўзининг вафоти ҳақида тарқалган миш-мишларга жавобан қаҳвахонадан видео мурожаат йўллади. Бу ҳақда у ўзининг X ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Видеода кадр ортидаги эркакнинг: “Интернетда сизни ўлди, деб ёзишяпти”, деб сўрагани эшитилган. Бунга жавобан Нетаньяху киноя билан бармоқларини кўрсатган. У шу тариқа видео сунъий интеллектда ясалмагани ва ҳақиқийлигини исботлаган.
Мен қаҳвани яхши кўраман, биласанми? Мен ўз одамларимни ўлгудай яхши кўраман. Улар ўзларини қандай тутиши бу фантастика. Бармоқлар сонини санамоқчимисан? Кўрсатишим мумкин, мана, кўряпсанми? деган бош вазир киноя билан.
Нетаньяху, шунингдек, Исроил фуқароларига қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдириб, бу ҳукумат, САХАЛ (армия) ва Моссадга (разведка) куч бағишлашини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Исроил тузилмалари ҳозирча очиқлаш мумкин бўлмаган операцияларни амалга оширмоқда ва бу ҳаракатлар Эрон ҳамда Ливанга жиддий зарба бермоқда.
Бош вазир мамлакат аҳолисини фронт орти қўмондонлиги кўрсатмаларига амал қилишни давом эттиришга ва бошпаналар яқинида бўлишга чақирди. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси 2 март кунги ҳужумлар давомида Биньямин Нетаньяхунинг Қуддусдаги идорасини нишонга олганини эълон қилганди. Ўшанда ҳам Исроил бош вазири ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Исроил бу маълумотларни рад этиб, уларни асоссиз деб баҳолаган.








