АҚШ Яқин Шарқдаги иттифоқчиларининг урушни тўхтатишга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатларини рад этди. Бу ҳақда вазиятдан хавардор учта манба Reuters агентлигига маълум қилди.
Эрон ҳам ҳужумлар тўхтамагунча музокара олиб боришнинг ҳар қандай имкониятини рад этмоқда. Теҳрон расмийлари бир нечта давлат воситачиликка уринаётгани, бироқ ҳозирча ҳеч қандай натижа йўқлигини таъкидлади.
Вашингтон ва Теҳроннинг музокараларга қизиқиш билдирмаётгани можаро узоқ давом этишидан далолат беради. Бу эса тинч аҳоли орасида талафотлар кўпайишига, Ҳормуз бўғозининг ёпиқ қолиши эса жаҳон бозорида нефть нархининг кескин кўтарилишига олиб келмоқда.
АҚШ 13 март куни Эроннинг асосий нефть экспорт маркази — Харг оролига зарба берди. Ушбу ҳужум Трампнинг ҳарбий босимни давом эттириш борасидаги қатъиятини намойиш этди. Эроннинг янги олий раҳнамоси Можтаба Хоманаий Ҳормуз бўғозини блокадада ушлаб туришга ваъда берди. У қўшни давлатлардаги АҚШ объектларига ҳужумлар кучайтирилишидан огоҳлантирди.
28 февраль куни бошланган урушда ҳозирга қадар 2000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти эронликлар. Дунё нефтьининг бешдан бир қисми ўтадиган Ҳормуз бўғозида навигациянинг тўхташи тарихдаги энг йирик нефть таъминоти инқирозини келтириб чиқарди.
Мулоқот ўрнатишга уринишлар
Урушдан аввал воситачилик қилган Уммон алоқа каналларини тиклашга бир неча бор уринди, бироқ Оқ уй бунга қизиқиш билдирмади. АҚШ расмийларининг сўзларига кўра, Трамп айни дамда Теҳроннинг ҳарбий салоҳиятини максимал даражада заифлаштиришга эътибор қаратган.
“У ҳозир бунга қизиқмаяпти ва биз ҳарбий миссияни давом эттирамиз”, деди расмий вакил.
Урушнинг биринчи ҳафтасида Трамп ўзининг Truth Social платформасида Эрон раҳбарияти мулоқот қилишни истаётгани, лекин “Жуда кеч!” эканини ёзди. Шунга қарамай, АҚШ президентининг кутилмаганда ўз позициясини ўзгартириш одати дипломатик ечим эҳтимолини бутунлай истисно этмайди.
Томонларнинг шартлари ва воситачилик
Эрон оташкесим учун ҳужумларни тўхтатиш, хавфсизлик кафолатларини бериш ва етказилган зарар учун товон пули талаб қилмоқда. Эрон томони АҚШ ва Исроил ҳаво зарбаларини тўхтатмагунча ҳамда Теҳроннинг шартларини бажармагунча мулоқотга киришмаслигини билдирган.
Урушдан олдин воситачилик жараёнларида иштирок этган Миср ҳам алоқа линияларини қайта тиклашга ҳаракат қилди. Буни учта хавфсизлик ва дипломатик манба тасдиқлаган. Гарчи бу уринишлар сезиларли силжишга олиб келмаган бўлса-да, мулоқотлар Эрон томонидан зарба берилган қўшни давлатларнинг ҳарбий жавоб қайтариш борасида бир оз тийилишига ёрдам берган.








